Аризаларни кўриб чиқиш муддати бузилган
Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сонли қарори билан тасдиқланган “Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида” ги низом талабларига риоя этиш ҳолати ўрганилди.
Электрон ахборот тизими орқали мониторинг қилинганда ваколатли идоралар томонидан тизимли равишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланди.
Мазкур давлат хизмати бўйича 2021 йилда жами 7 минг 326 та аризалар келиб тушган. Шундан 2 минг 581 таси ижобий деб топилган. Масъул ташкилотлар ўн иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини, тақдим этилган ҳужжатлар асосида ташкилотларда мавжуд маълумотлар базаси билан солиштирган ҳолда ўрганиб чиқиши ва ягона интерактив давлат хизматлари порталида онлайн электрон шаклда маълумотларни тасдиқлаши белгиланган бўлсада, мазкур талабга риоя этилмаган. 678 та аризаларни кўриб чиқишда муддат бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган. Хусусан, тиббиёт бирлашмалари 386 та, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими 11 та, тижорат банклар 225 та, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари 35 та, Давлат солиқ инспекцияси 30 та, Ёшлар ишлари агентлиги 12 та, ҳокимликлар 31 та мурожаатни муддатида кўриб чиқмаган.
Жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 737 та аризалар келиб тушган бўлиб, шундан 96 таси ижобий деб топилган. Мазкур мурожаатларнинг 30 тасини кўриб чиқишда муддат бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан ваколатли органларга қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисида 7 та тақдимнома, 92 та огоҳнома киритилган. Шунингдек, 24 нафар масъул ходимлар маъмурий жавобгарликка ҳамда 7 нафари интизомий жазога тортилган.
М. Сулаймонов, ЎзА