Ҳар саҳар юкиниб байроғини ўп...
Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи таъсис қилинган кун арафасида Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймоннинг “Ота макон” сарлавҳали шеъридаги “Ҳар саҳар юкиниб байроғини ўп” мисралари ёдимга тушади.
Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи таъсис қилинган кун арафасида Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймоннинг “Ота макон” сарлавҳали шеъридаги “Ҳар саҳар юкиниб байроғини ўп” мисралари ёдимга тушади.
Ватан ҳақида, унинг байроғи ҳақида шеърлар кўп. Бироқ уларнинг ёдда қоладиганлари кам. Ҳатто ўқувчилик пайтимизда ёдлаганларимизни ҳам бугун кўпчилигимиз, айниқса, ёши етмишдан ошаётган менинг тенгдошларим эсдан чиқарганмиз.
Аммо Тўра Сулаймоннинг “Ота макон”идаги байроқни ўпиши эсимдан чиқмайди. Назаримда, бу шеърдаги Ватан, унинг рамзлари ҳақида мисраларнинг ўта самимийлигида.
Тўра Сулаймон бахши шоир эди. Шеърлари халқ оғзаки ижоди – фольклор, бахшиёна услубда ёзилган. Унинг шеърларида Ватан мавзуси ўта табиий, ишонарли куйланган. "Ота макон”ни ўқиган кишининг ҳам кўз олдига шоирнинг “ҳар саҳар юкиниб байроғини ўп”аётган қиёфаси келади.
Ҳа, Тўра Сулаймон ҳаётда ҳам Ватанни борлиғи билан севиб, шеърларида ёзганидек, унинг тупроғини, туғросини, байроғини ўпиб ўтган эди. Мен Тўра ака билан атиги бир йилгина бирга ишлаб, унинг бутун борлиғи шеърларидаги каби рост эканлигига амин бўлганман. Мана, ўқиб кўринг, Сиз ҳам ишонасиз.
ОТА МАКОН
Тошларин тавоф қил, тупроғини ўп,
Гардин кўзга суртиб туғросини ўп,
Ҳар саҳар юкиниб байроғини ўп,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.
Бошинг қўйиб топин остонасига,
Зоғ йўлата кўрма Арк-қалъасига,
Ҳамиша тайёр тур ҳимоясига,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.
Сайҳуни, Жайҳуни жавоҳир, лаълли,
Тоғлари тамалли, боғлари болли,
Тақдиримиз шу эл биландир боғли,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.
Аркони давлатин йўли бир бўлсин,
Юрган йўлларида нафс асир бўлсин,
Тахт-тож, салтанати мудом сир бўлсин,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.
Кўки кўланкасиз – офтобли, ойли,
Фуқаросин кўнгли Ҳимолой бўйли,
Серфарзанд, сердавлат, хайрли қўлли,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.
Азалдан ардоқли, ор-номусли эл,
Тўқсон тўққиз бовли, бий, бўлисли эл,
Сабр-қаноатли, қут, қомусли эл,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир,
Бу қадим Турондир – жон ичра жондир.
06. 12. 2003.