Саудия Арабистони Подшоҳлиги Aр-Риёд шаҳрида сайёрамиздаги энг катта бино қурилиши бошланди. Дабдабали "Mukaab" иншоотини осмон ўпар деб бўлмайди, чунки бино минорасимон бўлмайди.
Саудияликларнинг улуғвор лойиҳаси олтин рангли баҳайбат куб бўлиб, узунлиги, кенглиги ва баландлиги 400 метрдан. Жуда катта мазкур объектга Нью-Йоркдаги машҳур "Empire State Building"дан 20 тасини сиғдириш мумкин.
Хориж оммавий ахборот воситалари ёзишича, кўп функцияли бу бинони, аслида, тўлақонли шаҳар дейиш мумкин.
Зеро, мажмуада нафақат офис, савдо шохобчалари ва дам олиш масканлари, балки, масалан, 9 минг меҳмон жойлашадиган хоналар ҳам ҳозирланади. "Mukaab" таркибида доимий яшаш учун 104 минг хонадон ҳам ажратилади.
Яратувчилар пиёда кезиш учун яшил ҳудудлар, улкан мониторлар ва бошқа хил турли ҳашаматли ташқи безаклар билан Саудия кубини санъат асарига айлантириш ниятида.
Ҳозирча Жами 50 миллиард долларга баҳоланаётган оламшумул ғояни ҳақиқатга айлантириш учун 900 киши ишлайди. Қурилиши 2030 йилгача якунланиши режалаштирилган лойиҳа валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ташаббуси билан ишлаб чиқилган миллий стратегиянинг таркибий қисмидир. Унинг нияти мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш, давлатни нефтга қарамликдан қутқариш ва Саудиянинг сайёҳлик жозибадорлигини оширишдан иборат.
Муаллифлар Куб "Aр-Риёднинг янги юзи" бўлишига ишонишмоқда.