Ҳар ишнинг бир устаси бор, ҳар устанинг бир устози...
Доно халқимиз орасида мазкур мақол бежизга тез-тез тилга олинмайди.
Доно халқимиз орасида мазкур мақол бежизга тез-тез тилга олинмайди. Дарҳақиқат, дунё яралибди-ки, азалдан одамзод бир-бирига устоз ва шогирд бўлиб келмоқда.
Инсон учун ҳаёти давомида одоб-ахлоқ ва касб-ҳунар ўргатадиган, йўл- йўриқ кўрсатадиган устознинг борлиги жуда ҳам муҳим.
Нодира Мирхўжаева ҳам устозлардан сабоқ олиб, ўзи ҳам шу касбда мана йигирма беш йилдирки, ёшларга рус тили ва адабиётининг ўзига хос хусусиятларини ўргатиб келмоқда.
У айни вақтда Мирзо Улуғбек номидаги математика, астрономия, физика, информатика фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабини бошқармоқда. Албатта, у бунга қадар ўн беш йилдан ортиқ шу даргоҳда директор ўринбосари бўлиб ишлаган эди.
Мазкур таълим даргоҳида 105 нафар ўқитувчи 2156 нафар ўқувчига сабоқ бермоқда. Бинога киришингиз билан атрофдаги тозаликдан кўз қувнайди. Кириш эшиги рўпарасида болаларнинг чизган расмлари ва меҳнат дарсида бажарган ишлари стенди жойлаштирилган. У ҳар ҳафта янгилаб борилар экан.
Н.Мирхўжаева ҳар куни ишни болаларни кутиб олишдан бошлар эканлар. Сўнгра беш нафар ўринбосар билан кунлик режалар ва кунлик вазифалар бўлиб олингач, ҳамма ўз ишига киришади. Айни кунларда“1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни” ҳамда “Меҳржон” байрамига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
УСТОЗ УММОНГА ЎХШАЙДИ...
Ота-она фарзандни дунёга келтириб, парваришлаб, вояга етказса, устоз ҳаёт илмини, ҳунарни ўргатади.
Бу мактабда узоқ йиллар меҳнат қилган мураббийлар жуда кўп. Нодира Мирхўжаева устозлар байрами яқинлашиб келаётгани боис бугунги кун тартибига уларни табриклашни қўшиб қўйган эди.
Ана шундай тажрибали устозлардан бири – физика фани ўқитувчиси Елена Шегова. У 1991 йилдан буён шу мактабда 8, 9, 10, 11- синф ўқувчиларига сабоқ бермоқда.
Ўзбек тили ўқитувчиси Нигора Мақсудова ҳам ўқувчиларга узоқ йиллардан буён дарс бермоқда. Айни вақтда тажрибали устознинг шогирдлари – Мухлисахон, Жамилахон ҳам болаларга таълим бериб, устози билан бир жамоада фаолият юритмоқда.
Устоз қуёшга ўхшайди, шогирд эса, дарахт каби унинг беминнат нуридан баҳраманд бўлиб улғаяди ва мева беради. Жорий йилда мактаб битирувчиларининг 80 фоиздан кўпроғи олий таълим даргоҳларининг талабаси бўлгани ҳам бу фикрнинг исботидир.
Мисол учун, 11 “г” синфдаги 37 нафар ўқувчидан 30 нафари, “а” синфдаги 29 нафар ўқувчидан 28 нафари олийгоҳда таҳсил олмоқда.
ТАЛАБЧАНЛИК ВА ШИЖОАТ
– Директоримиз иш бошлаганига ҳали бир йил бўлмади, – дейди Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Санобар Худойберганова. – Шу қисқа фурсатда бир қатор ютуқларга эришдик. Нодирахон талабчан, қаттиқўл ва шижоатли. Албатта, ўқувчилар сони кўп. Уларнинг ҳар бири билан ишлаш, феълини ўрганиш, “тилини топиш” керак. Ўқувчиларни интизоми, тартиби ва билимини ҳам назорат қилиш муҳим. Буларни ҳаммаси таълим даргоҳини раҳбарига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Ушбу мактабда яна бир тажриба яхши йўлга қўйилган. Ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида инспектор ишга таклиф қилинган. Яъни ички ишлар вазирлигининг ходими мактабга бириктирилган бўлиб, у болаларнинг тартиб сақлашини кузатиб боради.
БУ ИНСОНЛАР ҲАР ҚАНЧА ЭЪЗОЗГА ЛОЙИҚ
– Узоқ йиллар ўқитувчилар эътибордан четда қолиб кетди, – дейди Н. Мирхўжаева. – Ҳозирда яратилган имтиёзлардан қадримиз ва қаддимиз тоғ қадар юксалди. Хабарингиз бор, ўқитувчилар ҳудудларни ободонлаштириш ва бошқа турдаги ишларга жалб этишнинг тақиқлангани катта янгилик бўлди. Энди педагоглар касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ҳам жалб қилинмайди. Ўқитувчидан дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш, синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ҳамда қўшимча маълумотларни талаб қилишга чек қўйилгани муаллимларни зиммасидаги ортиқча юкдан халос қилди.
Бундан ташқари, фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг бир неча баравари миқдорда пул мукофоти берилмоқда. Педагог ходимларга қишлоқ ва шаҳарларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойлар, автокредит ва истеъмол кредитлари имтиёзли равишда берилмоқда. Ота-оналар эндиликда бизга яқин кўмакчи бўлмоқда.
Ҳа, бизга сабоқ берган, ҳаёт сўқмоқларидан одимлаб боришимизда устозлик қилган инсонларга ҳар қанча имконият ва имтиёзлар берилса ярашади. Зеро, илк бора мактабга борган кунимиз, устозимизнинг қўлларимизга қалам, дафтар ва китоб тутқазиб, меҳр билан ҳарф ўргатгани ҳеч қачон эсимиздан чиқмайди. Бу туйғу ҳеч кимга бегона ҳам эмас.
Байрамингиз муборак бўлсин азиз устоз ва мураббийлар.