Ҳар бир инсон ватаннинг бир бўлагидир!
Шу кунларда юртимизнинг ҳар бир гўшасида энг улуғ, энг азиз айём – давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами шукуҳи кезиб юрибди.
Шу кунларда юртимизнинг ҳар бир гўшасида энг улуғ, энг азиз айём – давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами шукуҳи кезиб юрибди.
ЎзА мухбири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, шоира Фарида Афрўз билан истиқлол шарофати, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида суҳбатлашди.
– Фарида опа, мустақиллик байрами тобора яқинлашаяпти. Айтингчи, мана шундай қутлуғ кунларда кўнглингиздан нималар кечяпти?
– Байрам яқинлашгани сайин қалбимда беихтиёр ички бир тайёргарлик бошланади. Айниқса, мустақиллик, яъники Ватан озодлиги, миллат эрки, элу юртга ҳурлик олиб келган байрамга етганимдан шодланаман.
Бу озод ва обод кунлар учун курашиб, жон берган боболаримиз руҳи олдида қалбан бош эгар эканмиз, менинг ҳам бунда бирор бир ҳиссам бормикан, фикримда, тутимлариму айтимларимда, деб ўйлайсан киши. Ахир шу кунларнинг қадрини билиш, шукроналик ва халоллик билан яшашнинг ўзи ҳам ўзига яраша инқилоб эмасми?!
Ўзи билан кураша олган, ўзини таниган, ўзлигини топган ҳар бир инсон – Ватаннинг бир бўлагидир! Тўғри, ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Она тилимиз нуфузи, адабиёт ва тарихимиздаги хато ва чалкашликларни тузатиш вақти келди. Аммо улар байрамда айтиладиган масалалар эмас. Чунки, булар узоқ йиллар мобайнида йиғилган, айниқса 4 йил ичида эришилган ютуқлар олдида ечими аниқ юмушлардир.
– Ҳассос шоир Шавкат Раҳмоннинг "Ғам сўзин элимдан олдин айтаман, бахт сўзин элимдан кейинроқ", деган дардчил сатрлари бор. Ҳам шоир, ҳам жамоат арбоби сифатида бугун нималардан кўнглингиз тўлиб, нималардан қониқмаяпсиз?
– Дилгир шоиримизнинг беназир сатрлари ҳақ! Юртнинг тинчлигидан, тўкин-сочинликдан, шароитлар, эътибор ва эътирофлардан кўнглим тўляпти. Ҳеч бир соҳа назардан четда қолаётгани йўқ.
Муҳтарам Президентимизнинг тинимсиз меҳнат ва шижоатлари туфайли одамларнинг фикр кўзлари очилди, юртимиз изчил ривожланиш йўлида. Назаримда, одамларимиз янгича фикрлайдиган, келажакка ишонч билан интиладиган бўлди. Бугун одамлар бой бўлиш йўлини билди ва ҳиммат ва саховат йўлини танлади. Бугун одамлар дунёни лол қолдириш машқини эгаллади ва ғалаба нашидасини сурмоқликни ўрганди. Бугун одамлар халол ва харомнинг, савоб ва гуноҳнинг хикматини англади... Демак, биз тўғри йўлдамиз!
Кўнглим ранжиётган, қониқмаётган томони эса, лавозимда турганлар орасида ноинсофлар, нафсига қулларнинг ҳали ҳам борлиги...
Оломон орасида эса, барча замонларда бўлгани каби беҳуда сафсатавозлик... Иншааллоҳ, булар ҳаммаси ортда қолади, эзгулик ғолиб бўлади.
– Фарида опа, юртимизда кечаётган бугунги шиддатли ислоҳотларни тан олмаслик, кўриб кўрмасликка олишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Сизнинг бу ҳақида фикрингиз қандай?
– Хавотирингизда жон бор. “Ислоҳ” сўзининг луғавий маъноси “тузатиш, тубдан янгилаш, яхшилаш”, демакдир. Хўш, нимани янгиладик ва яхшиладик, бу янгиланиш бизга яхшиланишга ёрдам беряптими, унда биз нега уни кўрмаяпмиз ёки кўрмасликка оляпмиз, бу бизнинг ожизлигимизми, ношукрлигимиз ва ёки саркашлигимизми?
Бунинг учун таққослайдиган усул бор: келинг, 29 йил аввалгини эмас, кейинги 3 йилни кўриб чиқайлик. Орзу қилганимиз, қўшни мамлакатларга хавас қилганимиз жуда кўп тузатишлар содир бўлмадими? Келинг, эсимда борларини санаб ўтай: қўшнилар билан муносабатларимиз тикланди, диний эркинлигимизга кенг йўл очилди. Умра ва Хаж сафарларига ўринлар кўпайди, валюта айрибошлаш, бошқа миллатдан бўлган юртдошларимизга фуқаролик мақоми берилиши, олимлар, ижодкорларнинг эъзозланиши, устоз ва мураббийларнинг қадрини кўтариш каби ўнлаб муваффақият ҳақида гапирмай бўлмайди. Керак бўлса, мана шу ислоҳотларни шаҳар ва қишлоқлардаги йўлбўйи пештахталарга ёзиб қўйиш керакки, токим, бир тўп нолийдиган ношукрлар ва фисқи-фасодчиларга мактаб бўлсин!
Аммо, яна бир муаммо, назаримда, янги бир иллат пайдо бўлмоқда, яъниким, биз фақат айтганни қиладиган бўлиб қолдик. Шу хусусда ҳикмат: Бир одам кўчадан ўтиб кетаётса, бир аёл боласини ураётганмиш. Ҳалиги одам тўхтаб, “Нега болангни уряпсан?”, деб сўрабди. Аёл: “Фақат айтганимни қилади”, деб жавоб берибди. “Бу яхши эмасми?”, дебди хайрон бўлиб ўша киши. “Ахир, айтмаганимни қилмайди-да”, деган экан аёл.
Бизда ҳам ташаббус, ижодкорлик, инновация, шижоат етишмаётгандай. Бундай қараганда, Юртбошимизнинг айтганларини қиляпмиз, холос. Уни ҳам ялқовлик ва танбаллик билан,манфаат ва таъма билан, очкўзлик ва ночорлик билан бажаряпмиз. Шуми, бизнинг дўстлигимиз, садоқатимизу муҳаббатимиз?! Фидойилик, элпарварлик қаерда қолди?
Юртга бош бўлиш осон иш эмаслигини ҳамма билади. Замон юкини тортиш, даврон ғамини чекиш элбошининг қисматида ёзилган. Аммо елкадошлик, орқадошлик деган буюк туйғулар ҳам бор-ку!
Бугунги пандемия шароитида юзага келган мураккаб синовлар ҳам ортда қолиши шубҳасиз. Президентимизнинг жорий йил аввалидаги парламентга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятида шундай ҳикматли маънолар мужассам эдики, яъни барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз.
Халқимиз содда, оқкўнгил халқ. Бир тану бир жон бўлишга ҳам, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилишга ҳам, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан кечаю кундуз меҳнат қилишга ҳам тайёр халқ. Фақат уларга бир ҳовуч бузғунчилар тўсқинлик қилмасалар бас! Ўз нафсига қул бўлганларга қул бўлмасак бас! Шундагина, элпарвар Юртбошимиз билан бирга мисли кўрилмаган марраларни эгаллашимиз муқаррар!
Дунё тамаддунида ўзбеклар тарихининг янги саҳифасини яратиш даври келди. Янги қарашлар, янги фикрлар, халоллик ва поклик билан янги ҳаёт қурайлик!