АҚШнинг глобал иқтисодиётдаги улуши 1980 йилдан бери энг паст даражага тушди
Президент Дональд Трамп даврида АҚШ иқтисодиётининг глобал ялпи ички маҳсулотдаги улуши 1980 йилдан кейинги энг паст даражани кўрсатмоқда, деб ёзган "РИА Новости" Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотидан фойдаланган ҳолда.
ХВЖ ҳисоботида ўтган йил АҚШнинг харид қобилияти мувозанатига асосланган ЯИМдаги улуши 14,65 фоизни ташкил этгани келтирилган. Бу 1980 йилдан буён қайд этилган энг паст кўрсаткич.
Жо Байден раҳбарлик қилган тўрт йил давомида Қўшма Штатларнинг глобал иқтисодиётдаги ўртача улуши 14,93 фоиз эди.
Шунга қарамай, Федерал захира идораси маълумотига кўра, учинчи чоракда мамлакат ЯИМ номинал миқдори қарийб 31,1 триллион долларга етган. Бу тарихан энг юқори кўрсаткич. Байден президентлигининг сўнгги чорагига нисбатан ўсиш 3,5 фоизни ташкил этди.
С.Раҳимов, ЎзА