АҚШ журналистлари билан учрашув
Америка Қўшма Штатлари журналистлари делегацияси мамлакатимизда бўлиб турибди.
Бугун, 30 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламент қуйи палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев ҳамда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева юқори мартабали меҳмонларни қабул қилди.
Мулоқот аввалида юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини халқ билан мулоқотнинг ишончли кўпригига айлантириш, медиа маконга илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар хусусида сўз борди.
Оммавий ахборот воситалари ходимларининг демократик жараён, фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган изчил ҳаракати натижасида республикамизда ОАВ сони 2016 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга ортиб, 1962 тага етгани қайд этилди.
Учрашувда ўтган даврда миллий ахборот маконимизда интернет нашрларининг сони салкам икки баробар кўпайиб, 677 тага етгани таъкидланди. Бугун Ўзбекистон медиа компаниялари жаҳон ахборот майдонида муносиб ўрин эгаллаб, глобал сиёсий-ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этишга интиляпти.
Очиқ ва самимий рухда кечган тадбир журналистларга мамлакатимиз парламенти, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонунчилик фаолияти, норма ижодкорлиги, қўмита ва фракциялари иш услуби ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида маълумот бериш майдонига айланди.
АҚШ журналистлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар, Конституциявий комиссия фаолияти билан таништирилди. Бош қомусимизни такомиллаштириш жараёни аҳоли билан бамаслаҳат олиб борилаётгани, умумхалқ муҳокамаларида нафақат юртдошларимиз, балки хориждаги ватандошларимиз ҳам фаол иштирок этгани айтиб ўтилди.
Меҳмонлар конституциявий ислоҳотда аҳолининг фаол иштирок этаётгани, бу эса дунё миқёсида жуда кам учрайдиган ҳолатлиги ҳамда давлатнинг халқчил, демократик ва шаффоф сиёсатининг далили эканини бир овоздан маъқуллади.
Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида конструктив алоқа, икки томонлама ҳамкорлик ришталари сезиларли даражада фаоллашгани қайд этилди.
Ўзбекистоннинг туризм ва инвестиция соҳасидаги жозибадорлиги ва салоҳиятини АҚШ оммавий ахборот воситалари орқали жаҳон ҳамжамиятига кенг намоён этишга катта қизиқиш бирдирилди.
Учрашув якунида бу каби мулоқотларни мунтазам давом эттиришга келишиб олинди.
Б.Худойбердиев, ЎзА