АҚШ ва Эрон ярашадими?
АҚШ Президенти Дональд Трамп Покистон раҳбарияти илтимосидан сўнг Эрон билан ўт очишни тўхтатиш келишуви узайтирилганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу қарор ягона ёндашув ишлаб чиқиб, музокарани давом эттириши учун Теҳронга вақт бериш мақсадида қабул қилинган. Бу ҳақда ЎзА ҳамкори APP ахборот агентлиги хабар тарқатган.
Айни пайт Вашингтон Эрон портларига нисбатан жорий этилган қамални давом эттиряпти. Трамп армияга тайёр ҳолатда туриш бўйича кўрсатма бергани ва келишув фақат музокара якунига етгунига қадар амал қилишини билдирди.
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Америка етакчиси фикрини қўллаб-қувватлаб, мазкур ташаббусни дипломатик жараён учун муҳим имконият дея баҳолади. У Исломобод музокарани давом эттириш йўлида фаол ишлаётганини айтиб, томонлар тез орада кенг қамровли тинчлик келишувига эришишидан умидворлигини таъкидлади.
Бинобарин, Эрон ҳали музокарани давом эттириш бўйича аниқ қарор қабул қилмаган. Теҳрон АҚШнинг айрим ҳаракатлари, хусусан қамал амалиётини танқид қилиб, босим остида мулоқот олиб бормаслигини такрорламоқда. Қисқаси, вазият ҳамон ноаниқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА