АҚШ, Россия ва Украина музокаралари октябрда ўтиши мумкин (+видео)
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, тинчлик келишувига эришиш мақсадида АҚШ, Россия ва Украина иштирокидаги музокаралар яқин ойларда ўтказилиши мумкин. У октябрь ойини ҳам эҳтимолий сана сифатида истисно қилмади. Бу ҳақда DW хабарқилди.
Песковнинг сўзларига кўра, БРИКС саммитида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин Россия президенти Владимир Путинга Украина билан боғлиқ можарони ҳал қилишда ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.
Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Нью-Деҳлида Украина президенти Володимир Зеленскийни музокаралар учун яна бир бор Москвага келишга чақирган эди.
Россия ва Украина президентларининг декабрь ойида Майамида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган G20 саммити доирасида учрашиши имконсиз, деди Дмитрий Песков. Шу тариқа у Зеленскийнинг бу учрашув ҳақидаги таклифини рад этди.
Хуллас, Россия октябрь ойида АҚШ ва Украина билан уч томонлама музокара бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Украина эса Путин билан G20 саммитида учрашишга тайёрлигини айтган, аммо Кремль ҳозирча Майамидаги учрашувни рад этмоқда. Россия томонининг позицияси Зеленский Путин билан учрашмоқчи бўлса Москвага бориши керак. Чунки, Путиннинг G20 саммитида шахсан қатнашиши ҳали аниқ эмас.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА