Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш ва замонавий инфратузилмани шакллантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда халқаро ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, йирик хорижий компанияларнинг мамлакатимизга кириб келиши нафақат инвестициялар оқимини оширади, балки маҳаллий мутахассислар учун тажриба мактаби вазифасини ҳам ўтайди.
Шу мақсадда Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси АҚШнинг Флорида ва Чикаго шаҳарларида бир қатор йирик компания ва ташкилотлар билан учрашувлар ўтказди.

Суҳбатлар давомида бир қатор амалий келишувларга эришилди. Жумладан, Андижон вилоятида хорижий компаниялар филиалларини очиш, IT Park резидентлиги орқали уларни қўллаб-қувватлаш ва экспорт ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, кадрлар тайёрлаш бўйича келишувларга эришилди.
Делегациянинг сафар дастури Чикаго шаҳрида ҳам давом этди. Бу ерда АҚШда 900 та юк машинасига эга ва Ўзбекистоннинг бир неча ҳудудларида муваффақиятли фаолият юритаётган “UGL HOLDING” компанияси раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.
Учрашув натижасида Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида янги офислар очиш, Андижон шаҳридаги мавжуд офис фаолиятини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Айни пайтда “UGL HOLDING” Тошкент шаҳар, Бухоро, Андижон, Самарқанд ва Навоий вилоятларида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА