АҚШ ҳарбий самолёти Жанубий Кореяга қўнди
Американинг “B-52” стратегик бомбардимончи самолёти Корея ярим оролида парвоз машқини бажариб, илк бор Жанубий Корея ҳудудига қўнди, деб хабар тарқатди “Рёнхап” агентлиги.
Таъкидланишича, “B-52” бугун Сеулда иш бошлаган халқаро аэрофазовий мудофаа кўргазмаси бўлиб ўтаётган манзил узра парвозини намойиш қилган, сўнгра Чхончжу шаҳрида жойлашган Корея Республикаси ҳарбий ҳаво кучлари (ҲҲК) базасига йўл олган. АҚШ учоғи Жанубий Корея ҲҲКга қарашли “F-35A” қирувчи самолёти билан бирга машқ бажарган.
“B-52” Корея ярим оролида ўтказилган машғулотларга авваллари ҳам бир неча марта жалб қилинган, бироқ ҳеч қачон бу ҳудудга қўнмаган.
“Бу Пхеньяннинг ядро ва ракета салоҳиятини мустаҳкамлаш саъй-ҳаракатига огоҳлантирувчи жавоб”, дейилади хабарда.