АҚШ Филиппинга денгиз чегарасини қўриқлаш учун дрон берди
АҚШ Филиппинга денгиз хавфсизлигини кучайтириш мақсадида қиймати 13 миллион долларлик тўртта автоном денгиз дрони тақдим этди.
Америка элчихонаси маълум қилишича, Вашингтон Филиппин ҳарбийларига сув ҳудудини назорат қилиш ва хавф-хатарни аниқлаш имкониятини ошириш мақсадида “Ocean Aero Triton” русумли денгиз дронларини топширди. Қуёш энергияси билан ишлайдиган мазкур қурилмалар бошқарувчисиз 30 кунгача ҳаракатлана олади. Шу тариқа АҚШ иттифоқчисини қўллаб-қувватлаб, Маниланинг ноқонуний балиқ овлаш, “кулранг ҳудуд” ҳаракати ҳамда кема қатнови эркинлиги таҳдидига қарши туриш салоҳиятини мустаҳкамлайди.
Бу воқеа Пекин ва Манила ўртасидаги муносабат таранглашган даврга тўғри келди. Айни пайт ХХР баҳсли Скарборо рифида сузувчи иншоот ўрнатган, Филиппин мудофаа вазирига нисбатан санкция жорий этган. Филиппиннинг дипломатик норозилигидан сўнг ўтган ҳафта Хитой томони дастлаб “илмий тадқиқот” мақсади кўзлангани даъво қилинган объектни олиб ташлади. Июнь ойи ўрталарида эса АҚШ ва Филиппин Қуролли кучлари Жанубий Хитой денгизида қўшма ҳарбий машғулот ўтказди.
Эслатиб ўтамиз, Пекин йиллик савдо айланмаси 3 триллион доллардан ошадиган Жанубий Хитой денгизининг қарийб бутун ҳудудига даъво қилиб келади. 2016 йил Халқаро ҳакамлик суди мазкур даъво қонуний асосга эга эмаслиги тўғрисида қарор чиқарган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА