“Ақлли туман” тамойиллари асосида янги ёндашув
Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида аҳоли учун янада қулай, замонавий ва обод яшаш муҳитини яратиш борасида, айниқса, кўп қаватли уй-жой массивларини ободонлаштириш, коммунал инфратузилмани яхшилаш ва ҳудудларнинг эстетик кўринишини замон талаблари асосида шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тохиров тумандаги кўп қаватли уй-жой ҳудудларида ўрганиш ишларини олиб борди. Ташриф давомида маҳаллалардаги мавжуд инфратузилма ҳолати, уйлар атрофи, йўлаклар, умумий фойдаланиш жойлари ва коммунал хизматлар сифати атрофлича кўздан кечирилди.

Ўрганиш жараёнида аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар, болалар майдончалари, дам олиш ҳудудлари, яшил майдонлар ва санитария ҳолати таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликлар юзасидан тегишли масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, ҳудудларда тартиб-интизомни кучайтириш, атроф-муҳит тозалигини таъминлаш, кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтириш ва аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш муҳим вазифа сифатида қайд этилди.

Ташриф давомида Мирзо Улуғбек туманида самарали қўлланилаётган илғор тажрибаларни Қоракўлда ҳам жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, “Ақлли туман” тамойиллари асосида ҳудудларни бошқариш, рақамли назорат тизимларини кенгайтириш, муаммоларни тезкор аниқлаш ва бартараф этиш, аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш каби йўналишлар устувор аҳамият касб этиши таъкидланди.

Туман ҳокими томонидан мутасаддиларга ҳар бир кўп қаватли уй атрофини намунали ҳудудга айлантириш, инфратузилма объектларини тартибга келтириш ва мавжуд муаммоларни қисқа муддатларда ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, аҳоли мурожаатлари ва таклифларини тизимли ўрганиш орқали ишлар самарадорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Ўрганишлар жараёнида фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга доир фикр ва таклифлари тингланди. Бу эса аҳоли манфаатларини инобатга олган ҳолда ҳудудларни ривожлантириш, одамларни рози қилиш ва ҳаёт сифати даражасини янада оширишга хизмат қилади.

Қоракўл туманида амалга оширилаётган бундай амалий ишлар нафақат ҳудудлар қиёфасини ўзгартириш, балки аҳоли учун хавфсиз, шинам ва замонавий яшаш муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. “Ақлли туман” тамойилларини жорий этиш эса келгусида ҳудудни янада ривожлантириш ва бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.