“Ақлли” ҳисоблагичлар – давр талаби
Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам аҳоли хонадонларига “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали томонидан “ақлли” электрон газ ҳисоблагичлари ўрнатила бошланди. Хўш, бу янгилик газ таъминотчиси ва истеъмолчига нима беради?
Авваламбор, мазкур ҳисоблагичлар олдингиларидан фарқли ўлароқ газ таъминоти корхонасининг мулки бўлиб, уларни ўрнатиш, ечиш ва таъмирлаш харажатларини ҳам газ таъминотчисининг ўзи қоплайди. Харидордан эса янги қурилмани соз ҳолатда сақлаш талаб этилади, холос. Пировардида, ушбу янгилик воқелик тақозоси эканлигини ҳам таъкидлаш жоиз. Мамлакатимизда ҳозирда фойдаланилаётган газ ҳисоблагичлар бугунги кун талабига жавоб бермайди. Чунки, уларнинг аксарияти бундан камида 10 йил олдин ўрнатилган ва носозларининг ярмини таъмирлаш имкони йўқ. Шу боисдан гоҳида “зангори ёқилғи” ҳисоб-китобида аниқликнинг йўқлиги сабабли сотувчи билан харидор орасида зиддиятлар вазиятлар келиб чиқиши кузатилади. “Ақлли” ҳисоблагичлар эса бундай нохуш ҳолатларга барҳам беради.
[gallery-3116]
Янги ҳисоблагичлар худди мобиль телефон каби сим-карта ва аккумулятор-батареядан қувват олиб ишлайди ҳамда диспетчерлик хизматига тўғридан-тўғри симсиз алоқа ёрдамида уланади. Диспетчер мониторида қайси хонадонга айни дақиқада қанча газ берилаяпти, қайси бирига умуман берилмаяпти, қаерда қандай носозлик бор, барчаси кўриниб туради ва ҳисоблагичда қарз юзага келиши билан газ бериш автоматик тарзда, токи пул тўлангунга қадар тўхтатилади. Қарздорлик пайдо бўлишига яқин қолганда ҳисоблагич пул тўлашингиз лозимлиги тўғрисида мобиль телефонингизга хабар (sms) юборади ва дам олиш ҳамда байрам кунларидан бошқа вақтдагина қарздорга газ беришни тўхтади. Сабаби, у банк ишламайдиган кунлари кассага пул тўлай олмаслигингизни билади. Қолаверса, барча юзага келиши мумкин бўлган хавфнинг олдини олади. Қарздорлик туфайли газ бериш тўхтатилгач, сиз пул тўлаб қарзни узгандан кейин ҳам ҳисоблагич, токи сиз уйдаги барча очиқ қолган газ кранларини беркитмагунингизча, газни ўтказмайди. Шу тариқа, эътиборсизлик оқибатида ёнғин чиқишининг олдини олади. Бундан ташқари, сиз уйингизда қўшимча равишда ўчоқ, тандир ёки иссиқхонани табиий газ тармоғига уласангиз, истеъмол қилинаётган газ босимига эҳтиёж белгиланганидан ошиб кетса, ҳисоблагич газ бермай қўяди.
Янги “ақлли” электрон газ ҳисоблагичлари мамлакатимизда газни истеъмолчига етиб бориши жараёнидаги барча йўқотишларга барҳам беради.
Жорий йил якунига қадар вилоятда 107833 дона замонавий газ ҳисоблагичи ўрнатилиши белгиланган.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА