Анвар ОБИДЖОН: Ғилдираги йўқдир Ватаннинг
Сайланма Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова адабий маслаҳатчилигида ва Абдулла Шаропов муҳаррирлигида чоп этилди.
Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджонинг “Сайланма” китоби қайта нашр этилди. Тўпламда адибнинг болаларга аталган сара шеърлари ва сўнгги йилларда ёзилган бири биридан ибратли ижод намуналари киритилган.
Сайланма Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова адабий маслаҳатчилигида ва Абдулла Шаропов муҳаррирлигида чоп этилди.
ҒИЛДИРАГИ ЙЎҚДИР ВАТАННИНГ
(Бир “Игнабарг шеър”нинг давоми)
Кетолмади Бобур ҳам бошлаб,
Ғилдираги йўқдир Ватаннинг.
Боролмас, минг чорла кўз ёшлаб,
Ғилдираги йўқдир Ватаннинг.
Қумлоғини қирдириб бўлмас,
Тоғин бошқа қурдириб бўлмас,
Денгиз томон жилдириб бўлмас,
Ғилдираги йўқдир Ватаннинг.
Тураверар ботқоғу жари,
Саҳролари силжимас нари,
Суриб бўлмас соз иқлим сари,
Ғилдираги йўқдир Ватаннинг.
Ватан деган инимиз битта,
Ватан билан динимиз битта,
Яхши-ёмон кунимиз битта,
Ғилдираги йўқдир Ватаннинг.
Фидоликка шайликда – қудрат,
Эркимизни бой берсак мудраб,
Қочолмаймиз хорижга судраб,
Ғилдираги йўқдир Ватаннинг.
Мозорли халқ сондан ўчмайди,
Ёт миллатни ёт ер қучмайди,
Кимдир кўчар, Ватан кўчмайди,
Ғилдираги йўқдир Ватаннинг.