Анвар Икромов билан Ахсикентга саёҳат
Узоқ йиллар давомида Сирдарё бўйларидаги Ахсикент ва Янги Ахси эътибордан четда қолди. Балки бунинг замон, давр тақозоси билан боғлиқ сабаблари бордир. Гарчи профессор Абдуҳамид Анорбоев бошчилигидаги экспедиция, бир неча мамлакат қадимшунос ва археологлари қазишма ишларини олиб борган бўлсаларда, уларнинг кўлами тор эди. Ниҳоят, 2019 йилда Ўзбекистон Президенти бу заминга келди-ю қадим Ахсикентнинг янги тарихи бошланди.
Хўш, Ахсикент ва Ахси ўз қаърида қандай тилсимотларни сақлаб қоляпти. Унинг янги тарихи қандай қиёфада бўлади. Сизни Ахсикент археология меъроси объектини муҳофази қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси директори Анвар Икромов билан бу қадим шаҳар тарихига сафарга таклиф этамиз.
–Минг йиллар аввал IX-X асрларда Ахсикент 400 гектардан иборат бўлган. Ўз даврининг мегаполиси бўлган. Бу ерда ясалган Дамашқ қиличлари халифалик маркази Дамашқда сотилган. Мана шу ерда темирчилар маҳалласи бор экан. 2007 йилда Британиялик олимлар катта илмий изланишлар олиб боришди. Натижада Дамашқ қиличлари ватани Ахси эканини илмий исботлашди...

Охирги уч ой ичида бу ерга юздан ортиқ хорижий меҳмонлар келишди. Уларнинг ҳаммаси археолог, манбашунос, қадимшунослар эди. Япониялик олимнинг таъкидлашича, Мўғулистонда қазишмалар чоғида Ахсикентга оид манбалар топилган.
Ахсикент тепалиги – чин маънодаги тарихий манбалар хазинасидир. Ҳозиргача бу ердаги 24 та манзилда олимлар қазиш ишларини олиб бордилар. Тадқиқот натижалари илмий таҳлил қилинди. Энди улар кенг жамоатчилик, сайёҳларга тақдим этилиши лозим.

Бу йил 9 та очиқ осмон остидаги музейни ташкил этишимиз керак. Туристик шаҳарчада савдо расталари, ҳунармандлик маркази, Ахси кулолчилиги, Ахси темирчилиги, матогирлик санъати қайта жонлантирилади. Музейлар ва меҳмонхоналар тизими барпо этилади. Сирдарёнинг бўйида экотуризм билан боғлиқ лойиҳалар бўлади.
Ҳозирги Ахсикент тепалигида дастлабки очиқ осмон остидаги музей эшиклари очилди. У қазишма олиб борилган масканни ўз ичига олади. Бу ерда 7 та тарихий давр қатламлари мавжуд. Улар орасида ноёб топилмалар бор. Масалан, Сирдарёдан юқорида жойлашган 400 гектарли қалъа ичидаги шаҳар аҳолиси минг йил аввал ичимлик суви билан қандай таъминланган, деган саволингизга ҳам жавоб топасиз.

400 гектар майдондаги шаҳарга 16 километрдан сопол қувурларда тоза ичимлик суви олиб келинган. Маълум масофада муҳандислик қурилмалари мавжуд. Ҳар бир хонадонга сопол қувурлар орқали тоза ичимлик суви чиққан. Минг йил аввал аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиши шаҳар нақадар ривожланганини кўрсатади.
Қазишма ишлари ҳозир ҳам қаричма-қарич давом этяпти. 2022 йил охирида яна бир ноёб топилмага дуч келдилар. Бу ердан жуда ноёб деворий суратлар чиқди. Умуман Фарғона водийсидан бунга қадар деворий сурат топилмаган. Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти археологлари Ахсикент ва Янги Ахсида қазишма ишларини давом эттиришади.

Ахсикент ва Янги Ахси ўртасидаги масофа дарё ёқалаб беш чақиримни ташкил этади. Ҳар икки мажмуа ҳам аслида узвий бир манзилдир.
Ахсикент ўша XIII асрлар бошида мўғуллар томонидан вайрон этилган бўлса, темурийзодалар, Умаршайхмирзо даврида янги шаҳар айнан мана шу Ахси ҳудудида барпо этилган. Ҳозир бу ер зиёрат туризми марказига айланган. Ҳуранмандчилик маркази, кутубхона, илмий марказ, музей барпо этилган. Бу ерда Умаршайхмирзо даврига оид минора, ҳаммом қолдиқлари, 1620 йилдаги даҳшатли зилзиладан сўнг қолган бинолар пойдеворлари топилган. Россия ўлкашунос, зилзилашунос олимлари келиб ўрганишлари натижасида ўшанда 9 баллдан юқори зилзила рўй берганини илмий тасдиқлашди.
Янги Ахси ҳудудида ҳозирча мўжазгина музей ташкил этилган. Ундаги асори-атиқаларнинг ўзи ҳам Ахсикент, Ахси замини нақадар бой тарихга эга эканини кўрсатиб турибди.
Ахси асори-атиқалар музейида 2 мингдан ортиқ экспонатлар мавжуд. Эрамиздан аввалги биринчи асрдан то йигирманчи асргача бўлган давр намуналари бор. Экспонатлар орасида Дамашқ қиличлари, ханжарлар, Қорахоний, Салжуқийлар даври ва бошқа хонликларга оид тангаларни кўриш мумкин. Кулолчилик намуналари орасида I-II асрга оид хумдонларни учратасиз. Қазиш чоғида юздан ортиқ бус-бутун буюмлар, темурийлар даврига оид идиш-товоқлар топилди. Бундан ташқари, кандакорлик намуналари ҳам чиқди. 300-400 йил аввалги кийим-кечаклар, ҳунармандчилик ашёлари бу ер тарихни ўрганиш, тадқиқот олиб бориш учун муҳим манзил эканини кўрсатади.
Давлат раҳбарининг топшириғига кўра Ахсикент сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Бунга дахлдор бир неча вазирликлар билан ҳамкорлик ўрнатилди.
–Биринчи навбатда сайёҳларга шароит яратиш, маълумотлар бюросини ташкил этиш, енгил лойиҳали бинолар, йўлаклар қилинади. Электрон қурилмалар жойлаштирилади. Бундан ташқари тепаликни уч ўлчамдаги кўзойнаклар орқали виртуал реаллик ҳолатида қадимий Ахсикентни кўриш мумкин бўлади.
Яқин кунлар, ойлар ичида Ахсикент ва Янги Ахси ёдгорликлари Ўзбекистон туризм харитасидаги энг гавжум манзиллардан бири бўлиши кутилмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/P3GsLO6CQrA" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов(видео)
ЎзА