Хорватиянинг Загреб шаҳрида енгил атлетика бўйича «олтин» даражадаги халқаро мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Анвар Анваров муваффақиятли иштирок этди.
Мазкур мусобақанинг узунликка сакраш баҳсларида Анвар 7.99 метр натижа қайд этган бўлса, ямайкалик Шон Томпсон ҳам худди шундай натижани такрорлади. Афсуски, Шон ушбу узунликни аввалроқ забт этгани учун олтин медални қўлга киритди. А. Анваров эса кумуш медал билан тақдирланди. Мезбон Роко Фаркаш эса 7.90 метр натижа билан бронза медалига эга чиқди.
Маълумот учун: Анвар Анваров бундан аввал июль ойида Венгрияда ўтказилган “Gyulai István Memorial” халқаро турнирида бронза медалига сазовор бўлганди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА