Анталия йирик дипломатик форумга мезбонлик қилади
Дунё лидерлари ва юқори мартабали ҳукумат амалдорлари 17–19 апрель кунлари Туркияда ўтказиладиган “Antalya Diplomacy Forum 2026” (ADF2026) йиғинида иштирок этади, деб хабар бермоқда “Анадолу” ахборот агентлиги.
“Келажакни шакллантиришда ноаниқликларни бошқариш” деб номланган мазкур йиғинда 20 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 50 га яқин ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, илмий доиралар вакиллари ва экспертлар, жами 5 мингга яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, “ADF2026” доирасида 40 дан ортиқ тадбир ва сессия, жумладан, етакчилар иштирокида панель муҳокамалари ўтказилиши режалаштирилган.
Сессиялар давомида глобал тизимдаги чуқурлашиб бораётган ноаниқлик ва трансформация жараёнлари, шунингдек, минтақавий масалалар муҳокама марказида бўлади.
“ADF2026” тадбирларини форумнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жонли равишда кузатиб бориш мумкин бўлади.
Жасмина Бахтиёрова,
ЎзЖОКУ талабаси