Анорчилик илмий асосда ривожланади
Президентимиз ташаббуси билан Фарғона вилоятида ҳам мазкур тармоқ ривожланмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан Фарғона вилоятида ҳам мазкур тармоқ ривожланмоқда.
Айни пайтда анор етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш ва экотуризм хизматлари кўрсатишга ихтисослашган “Фарғона анорчилик” МЧЖ шаклидаги агрофирманинг умумий майдони 300 гектардан ошади. Бу ерда 2025 йилгача анорзор майдонини 2 минг гектарга етказиш режалаштирилган бўлиб, анорзорлар тўлиқ ҳосилга кирганидан сўнг йилига 10 минг тонна маҳсулот етиштириш кўзда тутилмоқда.
“Фарғона анорчилик” МЧЖ шаклидаги агрофирма раҳбари Мастура Сайфиддинованинг айтишича, 2018-2020 йилларда Инвестиция дастури доирасида агрофирмага Исроил, Италия ва Голландиядан қадоқлаш, маҳсулот қабул қилиш, ювиш ва саралаш ускуналари, музлаткич агрегатлари келтириб ўрнатилади. Бу йилига 2 минг 400 тонна шарбат тайёрлаш, 3 минг 600 тонна сараланган анор доначалари ва 4 минг тонна анорни қадоқлаш имконини беради.
Бундай изчил саъй-ҳаракатлар илғор инновацион технологиялар ва илмий ишланмаларни амалиётга кенг жорий этишни тақозо қилади. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Фарғона давлат университетида анорчиликни ривожлантириш кафедраси ташкил этилди. Бу экспортбоп янги навлар яратиш, даромад манбаларини кўпайтириш ва малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Айни кунларда агрофирма ҳудудидаги иссиқхонада лимон ва мандарин етиштириш ҳам йўлга қўйилди.





