
Анорчилик соҳасини ривожлантириш, ихтисослашган хўжаликлар ташкил этиш ва ушбу фаолият билан шуғулланувчи хусусий сектор вакилларига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилган. Навоий вилояти Навбаҳор туманининг Армижон маҳалласида алоҳида анорчилик мактаби шаклланган.
Бош вазир ўринбосари З.Маҳкамова Армижон маҳалласида бўлиб, аҳоли, жумладан, хотин-қизларнинг анор етиштириш билан шуғулланишлари, оилавий даромадини ошириш мақсадида алоҳида бепул ўқув курслар ташкил этиш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурган эди.
Айнан бугун маҳаллада анорчилик соҳасини ривожлантириш орқали ҳудуд аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, анор маҳсулотларини сотиш ҳисобига туман экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Навоий вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан бепул ўқувларни йўлга қўйиш бўйича ўқув дастурлари ишлаб чиқилди ва ўқитиладиган хотин-қизлар рўйхати шакллантирилмоқда.

– Анор экилгандан сўнг ҳосилга киргунча кетадиган вақт ва меҳнатни ҳисобламаганда сердаромад соҳа, – дейди Гулчеҳра Абдураҳмонова. – Анорнинг тури кўп, бири совуққа ўта чидамсиз, бири майда донали, бири тез ёрилувчан, бири тахирроқ. 20 йилдан буён оилавий анорчилик билан шуғулланамиз. Ҳозирги кунда томорқамизда 400 дона анор дарахти мавжуд бўлиб, ҳар йили 12-14 тонна маҳсулот оламиз. 2024 йилда 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, кўчатчиликни йўлга қўйдик. Ҳозирда 8 минг дона анор кўчатини парваришламоқдамиз.

Бугунги кунда маҳаллада 1775 нафар аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, 380 нафари анорчилик билан шуғулланади. Уларнинг 241 нафарини аёллар ташкил этади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири