Аниқ вазифалар ишсизликка ечимдир
Инсон қадри улуғ, ҳуқуқлари қадр топган, дунёга очиқ мамлакатга айланаётган Янги Ўзбекистондаги барча ислоҳотларнинг замирида халқимизни меҳнат билан банд қилиш, иш жойларини кўпайтириш, тадбиркорлик йўлидаги ҳар қандай тўсиқларни олиб ташлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим масалалар ётибди.
Давлатимиз раҳбарининг Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида ҳам айнан шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф чоғида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида дастлаб Сирдарё туманининг "Тараққиёт" маҳалласи танлаб олиниб, ишчи гуруҳ томонидан ҳудуд тўлиқ ўрганилди ва аҳолининг ишсиз қатлами бандлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Туманнинг чекка ҳудуди бўлган ушбу маҳаллада 2 минг 800 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг меҳнатга лаёқатли қисми 1 874 нафарни ташкил этса, шундан 1 442 нафари иқтисодий фаол. Ишсизлар эса 315 нафар, шундан 72 нафари меҳнат бозорига янги кириб келаётган ёшлардир.

Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва кластерлар вакиллари иштирокида ўтказилган амалий семинарда асосий эътибор аҳолининг меҳнат қилиши, ҳунар ўрганиши ва даромад олиши учун зарур шарт-шароит яратиб беришга қаратилди.
Сирдарё тумани ҳокими Ботир Мирзақулов тақдимот ўтказиб, бу борада ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар режаси билан таништирди.
Семинарда ишсиз аҳоли қатламини “хонадонбай” ўрганиш, аҳоли хоҳиши ва эҳтиёжларига қараб истиқомат қилаётган ҳудудга яқинроқ жойдан ер ажратиб бериш, хотин-қизлар учун кичик тикувчилик цехларини ташкил қилиш, асосийси, иш жойи ташкил қилишда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларига эътибор қаратиш кераклиги таъкидланиб, таклифлар ўртага ташланди.
Тақдимотлар, билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, якунда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ш.Суяров, ЎзА