Аниқ вазифалар белгилашга устувор аҳамият қаратилди
Фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳоли мурожаатларини жойида ўрганиш ва уларни қаноатлантириш самарадорлигини ошириш бугун давлат бошқаруви тизимидаги устувор вазифалардан бирига айланган. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил бу борадаги ишларнинг асосий мезони сифатида намоён бўлмоқда.
Ана шу тамойил асосида Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари Азларжон Содиқовнинг Бухоро шаҳрида сайёр қабули ўтказилди.
Унда юридик ва жисмоний шахсларнинг қурилиш соҳаси, кўп квартирали уй-жой фондига хизмат кўрсатиш, коммунал хизматлар, шунингдек, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариш тизими билан боғлиқ мурожаатлари тингланди.
Сайёр қабулнинг аҳамияти шундаки, унда мурожаатларни фақат қабул қилиш эмас, балки муаммонинг асл сабабларини аниқлаш, унинг қонуний ечимини топиш ва масъул ташкилотлар зиммасига аниқ вазифалар белгилашга устувор аҳамият қаратилди.

Қабул жараёнида билдирилган ҳар бир мурожаат атрофлича кўриб чиқилиб, фуқароларга амалдаги қонунчилик талаблари асосида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Айрим масалалар мурожаатчилар иштирокидаёқ жойида ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганишни талаб этадиган ҳолатлар бўйича масъул мутасаддиларга жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва натижаси юзасидан аниқ чоралар кўриш вазифаси юклатилди. Қабул давомида 40 га яқин мурожаат кўриб чиқилди.
Уларда кўтарилган масалаларнинг мазмуни соҳада аҳолини ўйлантираётган муаммоларни очиқ-ойдин кўрсатиб беради. Зеро, қурилиш сифати, кўп квартирали уйларни сақлаш ва уларга хизмат кўрсатиш, ичимлик суви ҳамда оқова тизимларининг барқарор ишлаши — инсонларнинг кундалик ҳаёти ва муносиб турмуш шароити билан бевосита боғлиқ.
Шу боис сайёр қабулда ҳар бир мурожаатни алоҳида назоратга олиш, масаланинг қоғозда эмас, амалда ҳал этилишига эришишга алоҳида эътибор қаратилди. Мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.

Бундай сайёр қабуллар давлат органлари ва аҳоли ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлаш билан бирга, жойлардаги тизимли муаммоларни аниқлаш учун ҳам муҳим майдон вазифасини бажаради. Энг муҳими, фуқаро ўз муаммоси билан масъул раҳбарга бевосита мурожаат қилиши, масаланинг ечими бўйича аниқ муддат ва масъулларни билиши давлат хизматига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири