Ангренда “ташаббусли бюджет” лойиҳалари тасдиқланди
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида жамоатчилик фикри асосида шаклланган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ҳудудлар инфратузилмасини янада яхшилаш борасида муҳим қарор қабул қилинди. Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида “Ташаббусли бюджет” 2026 йил 1 мавсуми якунларига кўра ғолиб, деб топилган лойиҳаларни молиялаштириш масаласи кўриб чиқилди.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелда қабул қилинган “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2024 йил 30 январдаги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 февралидан 20 февралига қадар “Очиқ бюджет” портали орқали фуқаролар томонидан умумий қиймати 90 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 63 та таклиф келиб тушган. Уларнинг 14 таси низом талабларига мос келмагани сабабли рад этилди, 49 та лойиҳа эса овоз бериш босқичига ўтказилди.

11-20 март кунлари ўтказилган овоз бериш жараёнида фуқаролар томонидан жами 45 мингдан ортиқ овоз берилди. Натижаларга кўра, энг кўп овоз тўплаган 12 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, уларнинг умумий қиймати 16 миллиард 370 миллион сўмдан ошди.
Шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Фуқаролар ташаббуси” жамғармаси маблағлари айнан ушбу лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади. Белгиланишича, маблағлар фақат тасдиқланган лойиҳалар доирасидаги қурилиш ва таъмирлаш ишларига сарфланади ва уларни бошқа мақсадларга йўналтиришга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, айрим маҳаллаларда кетма-кет икки бор ғолибликка эришилганлиги сабабли тенгликни таъминлаш мақсадида Намуна, Мустақиллик, Наврўз, Облиқ, Самарчуг, Гулбоғ, Ғафур Ғулом ҳамда Мирзо Улуғбек маҳаллаларига кейинги икки мавсум давомида лойиҳа киритиш имконияти чекланди.

Қарорга мувофиқ, ғолиб лойиҳаларни амалга ошириш муддати 5 ой этиб белгиланди. Буюртмачи ташкилотлар иш сифати ва муддатларига бевосита масъул бўлади. Шу билан бирга, қурилиш-таъмирлаш ишлари устидан жамоатчилик назорати кучайтирилиб, депутатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида мониторинг олиб борилади.
Яна бир муҳим жиҳат “Очиқ бюджет” порталида “Сайёр мониторинг” бўлими ишга туширилганидир. Мазкур тизим орқали лойиҳалар ижроси доимий назорат қилиб борилади. Аниқланган камчиликлар бартараф этилмагунча молиялаштиришни вақтинча тўхтатиш имконияти ҳам назарда тутилган.
Ангрен шаҳридаги “Кимёгар” МФЙ фаоллари “Ташаббусли бюджет” доирасида йўлларни асфальтлаш ва инфратузилмани яхшилашга қаратилган лойиҳа билан иштирок этган бўлса-да, етарли овоз тўплай олмади. Бироқ маҳалланинг шаҳар марказида жойлашгани ва ободонлаштиришга эҳтиёж юқорилиги инобатга олиниб, мазкур лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Касимова томонидан қўллаб-қувватланди. Сессияда ушбу лойиҳани республика бюджети ҳисобидан молиялаштириш белгилангани маълум қилинди.
Сессия қарори билан масъул ташкилотларга ҳар чорак якуни бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан жамоатчиликка очиқ ахборот тақдим этиб бориш вазифаси юклатилди. Мазкур қарор аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда шаҳар инфратузилмасини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Неъмат Душаев,
Халқ депутатлари Ангрен шаҳар кенгаши
депутати (OʻzLiDeP).
ЎзА