Ангрен саноатига янги инвестиция лойиҳаси қўшилмоқда
Ангрен шаҳрида саноат тармоғини янада ривожлантириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва янги иш ўринларини ташкил этишга қаратилган инвестиция лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда.
Хусусан, ҳудуддаги Тошкент вилояти махсус иқтисодий зонасида ҳам гипсокартон учун қоплама қоғоз ва картон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Райимов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, корхона мутасаддилари ва фаоллар қатнашди. Тамал тоши қўйиш маросимида лойиҳа тақдимоти ўтказилиб, корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати, қўлланиладиган замонавий технологиялар, маҳсулот турлари ҳамда истиқболдаги экспорт имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, у замонавий технологиялар асосида амалга оширилади. Корхонада гипсокартон ишлаб чиқариш учун зарур бўлган қоплама қоғоз, шунингдек, картон маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Янги ишлаб чиқариш мажмуасининг лойиҳавий қуввати суткасига 250–300 тонна маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этади. Корхона тўлиқ қувватда ишга тушгач, 100 тадан –180 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Яна бир муҳим жиҳати шуки, бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш имкониятидир. Мутахассислар таъкидлашича, корхонанинг келгусида йиллик 7–10 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт салоҳияти шаклланиши кутилмоқда.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Ангрен шаҳрининг саноат салоҳиятини янада ошириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар яратиш ва янги иш ўринларини ташкил этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ҳудуднинг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш билан бирга, янги технологияларни жалб этиш ва экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтириш учун ҳам мустаҳкам замин яратмоқда.
А.Мусаев,ЎзА