Ангорлик ёш теннисчилар ғолиб
Термизда спортнинг стол тенниси тури бўйича “Маҳалла кубоги” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилоят бўлими, вилоят спортни ривожлантириш бош бошқармаси, вилоят стол тенниси федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган беллашувда 13-16 ёшдаги ўсмирлар ўзаро куч синашди.
Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиб, спортнинг оммавийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳам иштирок этиб, ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Жорий йил ўтган даврида фонднинг вилоят бўлими ва туман, шаҳар бўлинмалари ҳамкор ташкилотлар билан “Маҳалла кубоги” спорт беллашувлари доирасида юздан ортиқ мусобақа уюштириб, маҳалла ёшларини жалб этди. Жумладан, стол тенниси мусобақасининг туман ва шаҳар беллашувларида 700 га яқин ўғил-қиз ўзаро куч синашиб, уларнинг 65 нафари вилоят босқичига йўлланма олди.

– Спортнинг футбол, волейбол, шахмат-шашка, стол тенниси, кураш, арқон тортиш, нишонга отиш, югуриш ва бошқа турлари бўйича ўтказилган туман, шаҳар беллашувлари ҳам қизғин баҳсларга бой бўлди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви масъул ходими Олтибой Астанақулов. – Йил бошида маҳаллаларда бошланган мазкур мусобақаларнинг вилоят босқичи ҳам жуда қизиқарли бўлди. Ғолиб жамоалар ва совринли ўринларни эгаллаётган энг чаққон спортчиларни муносиб тақдирлаяпмиз.

Стол тенниси бўйича “Маҳалла кубоги” мусобақасининг вилоят босқичида фахрли биринчи ўринни Ангор тумани ёшлари эгаллаб, мамлакат беллашувида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Узун ҳамда Термиз тумани ёш спортчиларига насиб этди.

Ғолибларга жамоат фондининг эсдалик совғалари топширилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА