Анестезиологлар малакаси оширилмоқда
Сўнгги йилларда нафақат пойтахтдаги шифо масканлари, балки вилоят ва туманлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам юқори технологик мураккаб жарроҳлик амалиётлари амалга оширилмоқда.
Албатта, бу жарроҳлик амалиётларининг муваффақиятли ўтиши қисман бўлса-да, анестезиологларнинг билим ва салоҳиятига ҳам боғлиқ. Шу боис анестезиология йўналишидаги янгиликларни кенг оммалаштириш, хусусан, маҳаллий шифокорларнинг бу борадаги билим ва малакасини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Тошкент шаҳар тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ошириш маркази анестезиология-реанимация кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Д.Собиров ва мазкур кафедра доценти С. Ҳайдаровалар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиалида бўлди.
Вилоят анестезиолог ва реаниматологлари билан учрашув жараёнида соҳадаги долзарб масалалар, тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган жиҳатлар муҳокама этилди.
Учрашув сўнггида анестезиология-реанимация бўлимида даволанаётган беморлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга тегишли тавсиялар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири