Андижоннинг "Ёш китобхон”и аниқланди
Ғолиблар вилоят Ахборот-кутубхона марказидан бепул фойдаланиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди.
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида "Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Тадбир очилишида китобнинг жамиятимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги, инсон камолотида тутган ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта эканлиги таъкидланди. Ёшларнинг китоб ўқишга қизиқишини, мутолаа маданиятини ошириш борасидаги ишларни янада юксалтириш лозимлиги айтиб ўтилди.
[gallery-1285]
Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида уч ёш тоифасида ўтказилган танловда унинг туман, шаҳар босқичларида ғолибликни кўлга киритган 48 нафар ёш китобхон иштирок этди. Улар белгиланган шартлар асосида ўзларининг билим ва салоҳиятларини намойиш этди.
Қизиқарли, муросасиз баҳслар билан ўтган танловнинг якуний натижаларига кўра, ўз ёш тоифаларида энг юқори балл тўплаган уч нафар иштирокчи – Қўрғонтепа туманидаги 5-умумтаълим мактаби ўқувчиси Илҳомжон Исроилжонов, Қўрғонтепа туманидаги 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилнавоз Ҳайитаҳматова ва Олтинкўл туманидаги 35-умумтаълим мактаби ўқувчиси Фотима Мамиталиева танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловнинг ғолиб ва иштирокчилари Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси томонидан диплом, китоблар жамланмаси, шунингдек, вилоят Ахборот-кутубхона марказидан бепул фойдаланиш ҳуқуқини берувчи "Китобхонлик гувоҳномаси" билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов(сурат), ЎзА