Андижонлик спортчилар устозига “Дамас” совға қилди
Ботиржон Муқимов Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги 2-умумтаълим мактабида қарийб 40 йилдан буён ўқувчиларга жисмоний тарбия фанидан сабоқ берди.
Қолаверса, туманда унинг ташаббуси ва ташкилотчилиги билан жуда кўп спорт мусобақалари ташкил этилди.
Касбининг фидойиси, минглаб ёшларнинг севимли ва ардоқли устозига айланган Муқимжон Ботиров спорт соҳасининг етук мутахасиси ва билимдони, ташкилотчи ва ташаббускор бўлгани учун ҳам мутасаддилар унга турли лавозим ва вазифаларда ишлашни кўп бор таклиф этишди. Лекин у таклифларни ҳеч қачон қабул қилмади. Чунки у касбининг фидойиси сифатида мактабни қадрдон маскан, ўқувчилар билан ишлашни ўзининг муқаддас бурчи деб билди, мактабни ташлаб кетмади.
У узоқ йиллик фаолияти давомида юзлаб маҳоратли спортчиларни етиштирди, минглаб ёшларни жисмоний тарбия билан шуғулланиб жисмонан соғлом, баркамол вояга етишига ёрдам берди. Йиллар давомида унинг шогирдлари орасидан 10 дан ортиқ спорт усталари, 20 дан ортиқ мамлакат чемпиони, халқаро мусобақалар совриндорлари етишиб чиқди.
Бугун Ботиржон Муқимовдан сабоқ олган шогирдлар фидойи устозларига миннатдорчилик тариқасида “Дамас” автомашинасини совға қилди.
– Шогирдларим эътиборидан бошим кўкка етди, – дейди устоз Б. Муқимов. – Устоз учун эътирофдан, шогирдлар эҳтиромидан ортиқ бахт бўлмаса керак. Бугун мен дунёдаги энг бахтли инсонлардан бирига айландим.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА