Андижонлик ихтирочи аёлларнинг сардори (+видео)
8 март –Халқаро хотин-қизлар куни
Қишлоқ хўжалиги соҳасида фан доктори, профессор даражасига етишиш, айниқса, аёл киши учун осон эмас. Бунинг учун илм-фан сирларини ўрганиш йўлида қанча-қанча синову машаққатлардан ўтишга тўғри келади. Андижонлик Махпузахон Юсупова ана шундай синовлардан ўтиб, юксак илмий унвонга сазовор бўлган, эл-юрт ўртасида ҳурмат-эътибор топган олима аёллардан биридир.
Махпузахон Юсупова асли Балиқчи туманининг чекка Қумтепа маҳалласида туғилиб ўсган. Тумандаги 43- ўрта мактабни тамомлагач, бир муддат мактабда лаборант бўлиб ишлади. Сўнг Андижон қишлоқ хўжалик институтига ўқишга кириб, 1995 йилда институтни имтиёзли диплом билан тамомлади. Меҳнат фаолиятини ўзи таҳсил олган институтда Ўсимликларни ҳимоя қилиш кафедрасида ассистент вазифасида бошлаган.
Шундан сўнг у Агрокимё, тупроқшунослик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш, Ўсимликлар ҳимояси ва карантини кафедраларида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири лавозимларида педагогик фаолиятини илмий-тадқиқот ишлари билан бирга олиб борди. 2002 йилда қишлоқ хўжалик фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ёқлаган бўлса, 2016 йилда “Қишлоқ хўжалик экинлари зарарли организмларининг биоэкологиясини ўрганиш ва уларга қарши уйғунлашган ҳимоя тизимини такомиллаштириш” мавзусидаги илмий иши билан фан доктори бўлди.
– Касбим, илм-фан ҳаётимнинг мазмунига айланган, – дейди профессор Махпузахон Юсупова. – Бу йўлда не-не синов, машаққатлардан ўтдим. Ўқиш, ўрганиш, интилишдан тўхтамадим. Интилганга толе ёр, деганларидай, ўзим орзу қилган, интилган мақсадларга эришдим.
Илм-фан йўлида қалбидаги орзу-ниятларни рўёбга чиқарган Махпузахон Юсупова бугун минглаб шогирдларнинг устози, ўз илмий мактабини ярата олган олима сифатида кенг жамоатчилик орасида ҳурмат-эътибор топган.
Илмий-педагогик фаолияти давомида олима 100 нафардан ортиқ бакалавр ва 20 нафар магистрнинг илмий ишларига раҳбарлик қилган. Бундан ташқари, 300 дан ортиқ илмий мақола, 20 та монография, 8 та ихтиро бўйича гувоҳнома, 6 та ўқув қўлланма ва дарслик муаллифидир.
Махпузахон Юсупова фаолияти давомида устозлик мақомининг юксак даражасига эриша олган олимадир. У талабаларнинг, шогирдларининг ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқариши, илмий-тадқиқот иши олиб бориши учун зарур барча ёрдамни кўрсатиб келади.
–Устозимиз Махпузахон Юсупованинг кўмаги, маслаҳатлари билан мен каби кўплаб ёш педагоглар илмий йўналишда катта ютуқларни қўлга киритдик, – дейди Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти доценти, PHD техника фанлари фалсафа доктори Дилфузахон Каримова. –Хусусан, менинг илмий фаолиятимда устозимнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. “Хотин-қизларнинг энг яхши 100 та инновацион лойиҳаси” республика танловида ғолиблар қаторидан жой олдим. Умуман, эришаётган ютуқларимда устозимнинг алоҳида хизматлари бор. Устознинг ҳавас қилса арзийдиган, ибратли фаолияти биз учун ҳамиша намунадир. Биз – ёш педагоглар келгусида устозимиз изидан бориб, илм-фан йўлида янада улкан ютуқларга эришишга астойдил ҳаракат қиламиз.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда кейинги йилларда хотин-қизларга, хусусан, олима, илмий-тадқиқот ишлари олиб бораётган аёлларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Ана шу имкониятлардан самарали фойдаланётган минглаб опа-сингилларимиз илм-фан ривожи йўлида самарали фаолият юритмоқда. Жумладан, профессор Махпузахон Юсупова ҳам турли грант лойиҳаларини амалга оширишда фаоллик кўрсатмоқда. Унинг раҳбарлигида турли йилларда 10 та миллий ва хорижий грант лойиҳалари амалга оширилди. Грант лойиҳалари доирасида олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида соҳадаги қатор муаммоларга ижобий ечимлар топилди.
Жорий йил февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан олима аёллар учун ўтказилган грантлар танловида “Полиз экинларида учрайдиган касалликларнинг олдини олиш учун уруғларга экишдан олдин электр фаоллашган сувнинг микроэлементли аралашмаси билан ишлов бериш усулини яратиш” мавзусидаги лойиҳаси билан иштирок этди. Олима ушбу лойиҳаси билан танловда ғолиблар қаторидан жой олди. Лойиҳани амала ошириш учун 357 миллион сўм маблағ ажратилди.
Махпузахон Юсупова нафақат мамлакатимизда, балки қатор хорижий давлатларда ўтказиладиган кўплаб халқаро илмий анжуманлар, семинарларда ҳам фаол иштирок этиб келади. Шу боис ҳам унинг илмий фаолияти халқаро миқёсда хам алоҳида эътирофини топган. Масалан, ўтган йили Корея Республикасида бўлиб ўтган “KIWIE-2023” кўргазмасида қатнашди. Кўргазмада дунёдаги 40 дан зиёд мамлакатнинг тўрт юздан ортиқ олима, ихтирочи ва тадбиркор хотин-қизлари техника, технология, тиббиёт, озиқ-овқат, енгил саноат, кимё йўналишларидаги ихтиро ҳамда инновацион ишланмалари билан иштирок этди.
“KIWIE-2023” ихтирочи, олима аёллар халқаро кўргазмаси доирасида ўтказилган танловда Махпузахон Юсупованинг долзарб мавзулардаги инновацион лойиҳа ва ихтиролари юксак баҳоланиб, у олтин медаль билан тақдирланди.
[gallery-16225]
Кейинги йилларда олима озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш борасида илмий-тадқиқот ишлари билан жиддий шуғулланмоқда. Бу борадаги муаммоларни бартараф этишга, айниқса, полиз экинлари зараркунандларига қарши курашиш бўйича илғор усулларни яратишга, амалиётгага татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
2023 йил олима учун муваффақиятли йиллардан бири бўлди. Унинг фаолияти халқаро миқёсда эътироф этилди, қолаверса, 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Махпузахон Юсупова самарали илмий-педагогик фаолияти учун Президентимиз томонидан II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Z9gRCoIpt98" title="Andijonlik ixtirochi ayollarning sardori" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>–Камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, давлатимизнинг юксак мукофотларидан бирига муносиб кўрилганлигимдан беҳад қувондим, – дейди олима. – Ушбу мукофот менга нафақат рағбат, балки зиммамга улкан масъулият юклайди. Келгусида янада самарали фаолият юритиб, малакали мутахассислар тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги ривожига муносиб ҳисса қўшиш учун астойдил ҳаракат қиламан.
Бугунги кунда профессор Махпузахон Юсупова Андижон давлат университети, Наманган муҳандислик-технологиялар институтларида ёшларга билим бериб келмоқда. Шу билан бирга, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти илмий кенгашининг аъзоси, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги имтиҳон комиссияси раиси, Андижон вилояти “Ихтирочи аёллар” уюшмаси раиси сифатида ҳам самарали фаолият олиб бормоқда.
Бир сўз билан айтганда, профессор Махпузахон Юсупова самарали фаолияти билан ёш авлод тарбиясига, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган давримизнинг фаол олима аёлларидан биридир.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари