Андижонлик гимнастикачилар ғолиб бўлди
Андижонда бадиий гимнастика бўйича “Вилоят ҳокими кубоги” учун республика очиқ турнири бўлиб ўтди.
Бадиий гимнастика қизларга хос ва мос спорт тури ҳисобланади. Унда жисмоний тарбия, мусиқа ва хореография каби қизлар тарбияси учун муҳим жиҳатлар мужассам. Гимнастика билан шуғулланиш қизларни ҳам жисмонан, ҳам эстетик тарбиялашга, уларнинг мусиқа ва рақсга қизиқишини оширишга, гўзаллиги ва дидини шакллантиришга хизмат қилади. Бадиий гимнастиканинг мусиқа билан ҳамоҳанглиги эса инсоннинг маънавий дунёсини бойитади. Шу маънода вилоят ҳокими кубоги учун ўтказилган бадиий гимнастика мусобақаси ҳам ёш гимнастикачиларнинг ана шу жиҳатларини юксалтиришга ёрдам берди, қолаверса, уларнинг имконият, маҳорат ва иқтидорларини синовдан ўтказди.
[gallery-9098]
Андижон шаридаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 2003-2018 йилларда туғилган қизлар ўртасида бир неча кун давомида ўтказилган мусобақаларда Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимизнинг барча вилоятлари терма жамоалари таркибида 650 нафар бадиий гимнастикачи қиз иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳслашди.
Якка ва жамоавий йўналишларда қизиқарли ва муросасиз баҳслар асосида ўтган мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида андижонлик бадиий гимнастикачилар биринчи ўринни эгаллади.
Мусобақаларда иккинчи ўрин Тошкент шаҳри жамоасига, учинчи ўрин эса қорақалпоғистонлик гимнастикачи қизларга насиб этди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари вилоят ҳокимлиги томонидан медаль, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА