Андижондаги кичик ГЭСлар хусусийлашадими?
Баъзида рўй бераётган электр қуввати тақчиллиги сабабларидан бири мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмаётганидадир. Масалан, юртимизнинг деярли барча ҳудудларида катта ёки кичик оқин сув канали, анҳор, шоввалар бор. Аммо уларнинг қувватидан фойдаланилмай келинган. Давлат раҳбарининг қароридан сўнг вилоятларда кичик ГЭСлар пайдо бўла бошлади. Куни кеча фаолиятини бошлаган Андижон туманидаги Завроқ микро ГЭСи ҳам уларнинг бири. Илгари Завроқ шоввасидан оқиб тушаётган сув қуввати беҳуда кетар эди. “Ўзбекгидроэнерго”АЖнинг мамлакатда 250та кичик ГЭС қуриш режаси манзилли рўйхатига Завроқ шовваси ҳам киритилди-ю, қисқа вақт ичида 3,4 миллард сўм сарфланиб мазкур электр қуввати манбаси пайдо бўлди. Биргина Андижон вилоятда бу каби ГЭСлардан шу йилнинг ўзида 9таси қурилиши “Ўзгидроэнерго”АЖ режасига киритилган. Лекин бу охирги рақам эмас.
– Қўшимча ўрганишлар натижасида ва имкониятдан келиб чиқиб 15 та кичик ГЭС қурилади. Уларнинг қуввати 48,1 МВт ни ташкил этади. Ҳудди шундай ГЭСлардан вилоятимизда 65 тасини қуриш имконияти бор, - дейди “Ўзэнергоинспекция” ҳудудий бўлими бошлиғи Шерзод Мирзараимов. – Бу ишларни келгуси йилларда давом эттирамиз.

Ҳисоб – китобларга қараганда Андижон вилоятидаги хонадонлар бир ойда 232 киловатт соат электр қувватини истеъмол қилмоқда. Хўш мазкур кичик ГЭС бу ҳудуддаги нечта хонадонни электр билан таъминлайди?

– Завроқ кичик ГЭСи 200 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу – йилига 1,2 млн кВт соат электр энергияси дегани. У Янги Тўлқин маҳалласидаги 400 дан ортиқ хонадонни электр билан узлуксиз таъминлайди, - дейди смена бошлиғи Муҳаммаджон Маматов.

Андижондаги кичик ГЭСларнинг яна бир ўзига хос томони бор. Айни чоғда вилоятдаги 15 та кичик ГЭСнинг 9 таси тадбиркорлар маблағига қурилмоқда. Шундай қилиб, яқин кунларда Андижон вилояти электр қуввати бозорида хусусий таъминотчилар пайдо бўлади. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбарларининг таъкидлашича, Завроқ кичик ГЭСи ҳам тендер танловларига қўйилиб хусусийлаштирилади.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/2KcBu-0aAm0" title="" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов