Андижонда жорий йилда 79 мингга яқин замонавий сув ҳисоблагич ўрнатилади
“Андижон сув таъминоти” АЖ томонидан 2026 йилда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини замонавий сув ҳисоблагич ускуналари билан таъминлаш, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари матбуот хизматлари вакиллари иштирок этган анжуманда мутасаддилар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 октябрдаги «Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси, хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини замонавий сув ҳисоблагич ускуналари билан таъминлаш бўйича маълумотлар берилди.
– Қайд этилган қарор ижроси доирасида 2026 йилда вилоят бўйича 78 минг 793 та замонавий, янги сув ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган, – дейди “Андижон сув таъминоти” АЖ директори Дилшодбек Қўлдошев. – Йилнинг шу даврига қадар тизим ходимларининг саъй-ҳаракати ва аҳолининг фаоллиги билан 61 минг 909 та ускуна ўрнатилиб, йиллик режа 79 фоизга бажарилди. Белгиланган режа йил охирига қадар юз фоиз амалга оширилади.
Шу ўринда Андижон, Хонобод шаҳарлари, Қўрғонтепа, Улуғнор ва Балиқчи туманларида бу борадаги ишлар намунали олиб борилаётганлиги, истеъмолчилар ҳисоблагичлардан самарали фойдаланиб келаётганлигини алоҳида эътироф этиш ўринлидир.


Сув ҳисоблагичнинг ўрнатилиши сув ресурсини тежаш билан бирга, истеъмолчи учун ҳам фойдалидир. Биринчи навбатда, бу оила бюджетини иқтисод қилишга ёрдам беради, чунки истеъмолчи ортиқча сарф-харажат қилмасдан, фақат амалда ишлатган сув ҳажми учунгина тўлов қилади. Бу ўз-ўзидан сувдан тежамкорлик билан, оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантиради. Энг муҳими, ҳисоблагич орқали тўлов тизимига ўтиш аҳоли ўртасида келиб чиқиш хавфи бўлган турли тушунмовчиликлар ва нореал қарздорликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Анжуманда мутахассислар томонидан ҳисоблагич ўрнатишда белгиланган меъёр ва қоидалар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Жумладан, истеъмолчи Ўзбекистон Республикасида фойдаланишга рухсат этилган, тегишли мувофиқлик ҳужжатларига эга бўлган ва давлат рўйхатидан ўтиб, ягона реестрга киритилган ҳисоблагични танлаши зарур эканлиги, ускуна давлат стандарти талаблари асосида, унинг техник паспортида кўрсатилган махсус ўрнатиш схемасига мувофиқ монтаж қилиниши шартлиги алоҳида таъкидланди.

Қайд этилишича, жараён истеъмолчилар учун анча соддалаштирилган: мижоз дастлаб ҳисоб рақам очиш учун сув таъминоти корхонасига мурожаат қилади, сўнгра ўзига қулай жойдан талабга жавоб берадиган ҳисоблагични харид қилиб, ўрнатади. Шундан кейин «Ягона дарча» маркази ёки бевосита сув таъминоти ташкилотига ускунага пломба ва муҳр босиш учун ариза қолдирилади. Якуний босқичда соҳа метрологи хонадонга келиб, ўрнатилган ҳисоблагични кўздан кечиради, унга махсус пломба ўрнатади ва маълумотларни электрон базага киритади.
Анжуманда журналистлар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.

Кунинг иккинчи ярмида Хўжаобод туманидаги сув ҳисоблаш ускуналарини ишлаб чиқарувчи «SANCHUAN TECHNOLOGY» корхонасига пресс-тур ташкил этилди. Иштирокчилар корхонада ақлли сув ҳисоблаш ускуналарини ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди, шунингдек, замонавий ҳисоблагичларнинг техник имкониятлари, қулайликлари ва афзалликлари ҳақида кенг маълумотлар олди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири