Андижонда ёш шахматчилар беллашмоқда
Андижон шаҳридаги универсал спорт мажмуасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Спорт ишлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон шахмат федерацияси, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган шахмат бўйича мамлакат чемпионатида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда республикамизнинг барча вилоятлари жамоалари таркибида 850 нафар ёш шахматчи 6 та – 7, 9, 11, 13, 15 ва 17 ёш тоифаларида иштирок этмоқда.


– Чемпионат ўйинлари швейцар тизимида 7 тур доирасида ўтказилади, – дейди Андижон вилояти шахмат федерацияси ижрочи директори Мавжудахон Каримова. – Чемпионликни қўлга киритган иштирокчилар мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига йўл олади.


Чемпионат мамлакатимизда ўқувчи ёшлар ўртасида шахматни янада ривожлантириш, тарғиб этиш, оммавийлигини ошириш, иқтидорли шахматчиларни аниқлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилади.
Айни кунларда барча ёш тоифалари бўйича дастлабки тур ўйинлари ўтказилмоқда.


Чемпионат ўйинлари жорий йилнинг 20 январига қадар давом этади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари