Андижонда ёшлар форуми ўтказилди
Форумда мутахассисларнинг Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодекси, фуқароларнинг сайловлардаги ҳуқуқ, бурч ва мажбуриятлари, сайлов жараёнларида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Андижон шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида “Ёш сайловчи – 2019” ёшлар форуми ўтказилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан сайловларда илк бор қатнашаётган ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ҳамда сайлов қонунчилиги борасидаги билим ва тушунчаларини бойитиш мақсадида ташкил этилган мазкур форумда Ўзбекистон Республикаси марказий ва вилоят сайлов комиссиялари аъзолари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят, туман, шаҳар кенгашлари, вилоят адлия бошқармаси, сиёсий партиялар вакиллари ҳамда талаба-ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Форумда мутахассисларнинг Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодекси, фуқароларнинг сайловлардаги ҳуқуқ, бурч ва мажбуриятлари, сайлов жараёнларида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш мавзуларидаги маърузалари тингланди. Шунингдек, сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.

- Партиямиз бўлажак сайловларда ҳам маҳаллий, ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энг кўп депутатлик ўринларни олишга ҳаракат қилмоқда, - дейди Ўзбекистон Экологик Партияси вилоят кенгаши раиси Наврўзбек Юсупов. – Форумда ёшлар партиямизнинг сайловолди дастури, партиянинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақидаги маълумотларни катта қизиқиш билан қабул қилишди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган форум давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олди.
- Мен бу йил сайловларда илк бор иштирок этаман, - дейди Андижон давлат университети талабаси Хусниябону Жонибекова. – Сайлов ҳуқуқдан фойдаланиш имконига эга бўлаётганимдан қувонаман. Бугунги форумда қатнашиб, нафақат мен, балки мен каби кўплаб ёшлар сайлов, сиёсий партиялар, уларнинг сайловолди дастурлари ҳақидаги кенг маълумотлар олдик. Бўлажак сайловларда ўзимиз лозим, деб топган энг муносиб номзодларга овоз берамиз.