Андижонда хусусий клиника иш бошлади
Андижон вилояти Хўжаобод туманида "SAMO CLINIC" хусусий тиббий клиникаси иш бошлади.
Шифокорлар, маҳалла оқсоқоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида клиника очилишига бағишланган тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва бошқалар томонидан кейинги йилларида мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун мослаштирилган янги бинолар қуриш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, айниқса, хусусий тиббий муассасалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Умумий қиймати 4,2 миллиард сўмга тенг лойиҳа доирасида барпо этилган 60 ўринли мазкур клиника туманда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини оширишга хизмат қилади. Клиникада асосан, “Само” бренди остида маҳсулот ишлаб чиқараётган трикотаж корхоналари ишчи-хизматчилари, шунингдек, туман аҳолиси асаб, ички ва бошқа қатор касалликлар бўйича даволанади.
[gallery-9018]
Ўзига хос қиёфа касб этган клиника "CRYSTAL MED HEALTHCARE" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилди. Замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланган клиникада даволанувчилар ва шифокорлар учун зарур барча шароитлар яратилди.
Умуман, Хўжаобод туманида бугунги кунда марказий шифохона ва унинг бўлимлари, кўп тармоқли поликлиника, 2 та оилавий поликлиника, 8 та оилавий шифокорлик пункти, 27 та маҳалла тиббиёт пункти, шунингдек, 30 дан ортиқ хусусий тиббий муассасаси аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Умуман, туманда тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар изчил олиб борилмоқда.
Янги клиниканинг ишга тушиши билан 25 та янги иш ўрни яратилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА