
Президент ташрифидан сўнг

Яқинда халқимиз Президентимизнинг Андижонга ташрифини ҳаяжон билан кузатди.
Давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига ташрифи ва ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича ўтказган йиғилиши нафақат андижонликлар, балки бутун мамлакатимиз ҳаётида муҳим воқеа сифатида қаралди. Халқимиз билан олиб борилган юзма-юз самимий мулоқот замирида инсон манфаатлари ва унинг фаровон ҳаётини таъминлашдек эзгу мақсадлар бўй кўрсатди.
Дарҳақиқат, таъкидланганидек, бугунги кунда Андижонда ҳавас қилса арзигулик ўзгаришлар авжида. Янги Ўзбекистоннинг шукуҳи ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонга кириб улгургани – ислоҳотларнинг нақадар кенг қамровли ва самарали эканига ишорадир.
Албатта, бу юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг Андижон намунаси, холос.
Кўриб турганимиздек, Андижон бугун барча соҳа ва тармоқларда жадал ривожланмоқда. Вилоятнинг улкан салоҳияти ислоҳотлар ижросига астойдил киришилгани ва одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришлар тез суръатларда олиб кирилаётганида яққол намоён бўлмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, ташриф доирасида Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда ижтимоий соҳа, хусусан, тиббиёт масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу соҳанинг вакили сифатида баралла айтишимиз мумкинки, тиббиёт тизими, унинг тараққиёти давлат сиёсатининг бош масаласи сифатида давлат раҳбари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.
Президентимизнинг Андижонда тиббиётнинг ўз брендини яратиш ғояси ҳудуднинг бу борадаги улкан имкониятларини тўлиқ ишга солишга қаратилган муҳим қадам ва андижонликлар учун манфаатли ташаббус десак, ҳақ гапни айтган бўламиз.
Ўтган йили 650 ўринли клиниканинг Андижон давлат тиббиёт институти балансига ўтказилиши ва уни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун ажратилган 180 миллиард сўм маблағ 11 минг талабага бир вақтнинг ўзида ҳам ўқиш, ҳам амалиёт ўташ имконини яратди. Институтдаги симуляцион марказда тиббиёт ходимлари малакасини 2 босқичда баҳолаш тизимининг йўлга қўйилиши, клиника ёнига травматология, педиатрия ва жарроҳлик, гинекология бўлимларини қуриб, кластерга айлантириш ташаббусларининг қўллаб-қувватланиши соҳа ривожи йўлидаги муҳим қарор бўлди. Бунга қўшимча 100 миллиард сўм ажратилиши эса давлатнинг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга бўлган қатъий сиёсатининг яна бир исботидир.
Симуляцион марказда синовдан ўтган тиббий ходимларга қўшимча 100 фоиз устама берилиши уларнинг меҳнатини рағбатлантириш ва малакасини оширишга қаратилган муҳим ўзгариш бўлади.
Эътироф этиш жоизки, наманганлик ёшларнинг Андижонга қатнаб ўқиётгани ҳам Президент эътиборида экани бутун водий ёшларини тўлқинлантирди. Наманган давлат университетидаги тиббиёт факультетини Андижон тиббиёт институти филиалига айлантириш ва келгусида уни мустақил олий ўқув юртига олиб чиқиш, Андижон тиббиёт институтига эса университет мақомини бериш режаси – айни шу ёшлар юрагидаги тилакни кўриб, ўқиб тургандек бир қувончли хушхабарга айланди.
Хусусан, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой ва Ҳиндистондан келиб ўқимоқчи бўлганлар ҳисобига вилоятда тиббий таълим экспортини йилига 20 миллион доллардан ошириш имкониятининг мавжудлиги Андижоннинг нафақат мамлакат ичида, балки халқаро миқёсда ҳам тиббий таълим марказига айланиши учун катта имкониятлар очиб бериши аниқ. Мутасаддиларга хориждан келиб ўқиётган талабалар учун “талаба визаси” жорий қилиш бўйича бир ойда таклиф киритиш топшириғи эса бу жараённи янада соддалаштиришга қаратилган реформа сифатида келгусида юқори натижа бериши табиий.
Андижондаги 400 дан зиёд маҳаллада аҳолига туну кун хизмат кўрсатадиган хусусий тиббиёт пунктларининг ташкил этилиши эса аҳолининг бирламчи тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини сезиларли даражада оширади. Бу тажрибанинг маъқулланиши ва бу йил ушбу тизимни қолган вилоятлардаги камида 100 тадан маҳаллада йўлга қўйиш бўйича берилган топшириқ ислоҳотларнинг бутун мамлакат бўйлаб кенг ёйилишига хизмат қилади.
Андижонда замонавий хусусий клиникалар ташкил этиш учун олти ой давомида сотилмаган давлат объектларининг тадбиркорларга тўғридан-тўғри 5 йил муддатга ижарага берилиши ва кейинчалик уларнинг хусусийлаштирилиши соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда рақобат муҳитини яратишга қаратилган истиқболли ислоҳотдир. Бу ташаббус ва ўзгаришлар, узоқни кўзлаб қилинаётган Андижон эли тақдирини ўзгартириб, фаровон ҳаётга элтувчи хайрли ишларда бобурийлар замини халқи, албатта, юртимиз раҳбарига елкадош бўлади, дея ишонамиз.
Манзурахон Салимова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА