Андижонда тиббиёт ходимларига эҳтиром кўрсатилди
Андижон шахридаги “Тошкент премиум” тантаналар саройида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Ҳар йилгидан-да кўтаринки кайфиятда ўтказилган байрамда шифокорлар, ҳамширалар, давлат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик, ОАВ вакиллари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов кейинги йилларда тиббиёт тизимида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар хусусида сўз юритиб, соҳа вакилларини касб байрами билан қутлади.
Таъкидланганидек, тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъмат. Тиббиёт ходимлари эса туну кун халқ тиним билмай дардига малҳам бўлишдек масъулиятли ва шарафли вазифани бажармоқда.
[gallery-4660]
Таъкидлаш жоиз, жорий йилда вилоятда қатор тиббиёт муассасаларида қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилиб, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда.
Шу маънода, тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлашга, уларнинг ҳаётдан, бугунги давр ислоҳотларидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Сана муносабати билан Президентимиз фармонига кўра бир гуруҳ тиббиёт ходимлари давлат мукофотлари билан тантанали равишда тақдирланди. Шунингдек, соҳа илғорларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА