Андижонда шоир билан учрашув
Андижондаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шуҳрат Ориф билан ўтказилган ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари, шоира Хуршида Ваҳобжон қизи иштирок этиб, мамлакатимизда ёш авлод маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани ҳақида тўхталди. Анжуман меҳмони шоир Шуҳрат Орифнинг ўзига хос шеърияти, замонавий ўзбек адабиётидаги дадил қадамлари ҳақида сўз юритди.

Шуҳрат Ориф тадбир иштирокчиларига ўзининг адабиётга кириб келиши, ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ воқеалари ҳамда «Мен асли одаммас ёр эдим» номли китобнинг ёзилиш тарихи, унинг ижодкор руҳияти ва қалбига таъсири хусусида сўзлади.
- Менга болалик хотиралари, муҳаббат ришталари қалам тутқазган. Кейинроқ бу туйғулар юрт ишқига, Ватан севгисига айланди. Тушундимки, шоир миллат тақдири учун энг масъул шахс эканлиги, у ўз халқисиз ҳеч ким эмас, ҳеч нарса эмас, ўз ихтиёри билан ўзига дард юқтирадиган табибга ўхшайди, деб таъкидлади Шуҳрат Ориф.
Маърифий кечада нафақат ижод мактаби ўқувчилари, балки вилоятда яшаб ижод қилиб келаётган адабиёт вакиллари, ёш ижодкорларнинг иштирок этгани ҳам тадбирга ўзгача тус берди.

– Бу каби учрашувлар эндигина ижод оламига қадам қўяётган биз каби ёш ижодкорлар учун маҳорат мактаби вазифасини ўтайди. Шоир билан дилдан суҳбатлашиш, маслаҳатларини олиш, ўз ижод намуналаримиздан ўқиб бериш бизга катта таассурот қолдирди, – дейди Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабининг 10-синф ўқувчиси Акмал Абдураҳмонов.
Қизғин мулоқот тарзида ўтган тадбирда ўқувчилар шоирни илҳомлантирувчи омиллар, унинг ҳаёти ва ижоди, шеъриятига дахлдор саволлар билан мурожаат этиб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
Тадбир якунида Шуҳрат Ориф «Мен асли одаммас ёр эдим» деб номланган китобини мактаб кутубхонаси ва ўқувчиларга эсдалик учун улашди.
Сардор Сирожиддин,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Андижон вилоят бўлими масъул ходими