Андижонда ижодий кеча
Андижон давлат университетида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али таваллудининг 80 йиллигига бағишланган ижодий кеча ўтказилди.
Ёзувчи, шоир ва адабиётшунослар, кенг жамоатчилик вакиллари, университет ўқитувчи, талабалари, ижодкор ёшлар иштирокида ўтган ижодий кеча адабиёт байрамига айланди.
Дастлаб Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алига Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмоновнинг табрикномаси ўқиб эшиттирилди ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбирда сўз олган Андижон давлат университети ректори, профессор Акрамжон Юлдашев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Камчибек Кенжа, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистон Миллий университети доценти Адҳамбек Алимбеков, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Шойим Бўтаев, Ҳалим Карим, Ҳумоюн Акбар, Матлуба Юсуф Охун ва бошқалар устоз адибнинг кенг қиррали фаолияти, ўзига хос ижоди ҳақида сўз юритди.
[gallery-7695]
– Ҳозирги замон ўзбек адабиётида устоз адиб Муҳаммад Алининг ижоди алоҳида ўринга эга, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи. – Айниқса, устознинг юртимиз тарихи, халқимизнинг миллий қадрият, анъана ва урф-одатларини улуғлаш борасидаги асарлари китобхон қалбида улуғ тарихимиздан фахрланиш, Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлайди. Бир сўз билан айтганда, Муҳаммад Али ижодига мансуб асарларнинг аксарияти ватанпарвар, комил инсон тарбиясига хизмат қиладиган асарлар эканлиги билан аҳамиятлидир.
Тадбир сўнгида Муҳаммад Али ижодий анжуман ташкилотчилари, тадбир иштирокчиларига миннатдорлик билдириб, янги китобларидан университет кутубхонасига ва андижонлик мухлисларига совға қилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА