Андижонда ички туризм янада ривожланади
Андижонда илк бор ички туризм ярмаркаси ўтказилди.
Андижон вилояти туризмни ривожлантириш бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган ярмарка очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан мамлакатимизда, хусусан, Андижон вилоятида ички туризмни ривожлантириш, туристик объектлар бўйича янги йўналишлар ташкил этиш, сайёҳлар учун қулайлик ва зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Иқтисодиётни ривожлантириш, янги иш ўринлари, аҳоли учун доимий даромад манбаини шакллантиришда туризмнинг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
Мазкур йўналишда илк бор ўтказилган ярмаркада вилоятда фаолият олиб бораётган туроператор, турагентлар, меҳмонхона, хостел, оилавий меҳмон-уйлар, қатор корхона, ташкилот, муассасалар вакиллари, Қирғизистон Республикасининг Ўш ва Жалолобод областларидан келган туроператорлар, шунингдек, вилоятдаги таълим муассасаларида туризм йўналишида таҳсил олаётган талаба- ёшлар иштирок этди.
[gallery-16672]
–Бугунги кунда вилоятимизда сайёҳлар учун 18 та объект бўйича туристик йўналишлар йўлга қўйилган, – дейди вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бекзодбек Юсупов. – Бундан ташқари, туроператорлар томонидан янги-янги хизматлар таклиф этилмоқда. Умуман, вилоятга сайёҳларни кўпроқ жалб этиш, ички туризм имкониятларидан кенгроқ фойдаланишга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.
Ярмаркада қатор туроператорлар томонидан туристик йўналишлар ҳамда туристик хизматлари бўйича кўргазмалар намойиш этилди, тақдимотлар ўтказилди. Масалан, Андижон шаҳрида фаолият олиб бораётган “Ялла” туроператори томонидан аҳоли ва сайёҳлар учун вилоят бўйлаб бир, уч кунлик сайёҳат хизматлари таклиф этилди.
Ярмарка доирасида туроператор ва турагентлар ўртасида сайёҳларни жалб этиш, вилоят бўйлаб туристик сайёҳатлар ташкил этиш юзасидан ўзаро ҳамда корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорлик бўйича қатор келишув ва шартномалар тузилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари