English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда ичимлик суви таъминоти 92,1 фоизга етди

“Андижон сув таъминоти” акциядорлик жамияти томонидан 2025 йилда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда оқова сув хизматларини кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтган анжуманда мутасаддилар томонидан ўтган йил давомида вилоятда аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув тармоқларини модернизация қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

– Белгиланган дастурлар доирасида 2025 йил давомида 98 миллиард 325 миллион сўм маблағ сарфланиб, 264 километр узунликдаги ичимлик суви тармоғи тортилди, 26 та сув иншооти, 48 та сув қудуғи қурилди ва реконструкция қилинди, – дейди “Андижон сув таъминоти” АЖ директорининг ўринбосари Азизбек Юлдашев. – Ана шу ишлар натижасида 8 минг нафар аҳоли яшайдиган қатор ҳудудлар илк бор ичимлик суви тармоғига уланди, 12 минг нафар аҳоли яшайдиган ҳудудларда эса ичимлик суви таъминоти янада яхшиланди. Умуман, вилоятда ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 92,1 фоизга етказилди. 

Анжуманда вилоятда сув ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилганлиги алоҳида қайд этилди. Жумладан, ўтган йили 109 минг 238 та янги сув ҳисоблагичлар ўрнатилиб, вилоят бўйича истеъмолчиларни ҳисоблагичлар билан таъминлаш даражаси 70 фоизга етказилди. Ушбу кўрсаткич 2024 йилда 47 фоизни ташкил этган эди. 

Шунингдек, анжуманда истеъмол қилинган сув учун тўловларни ўз вақтида тўлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди. 

Вилоятда 542 мингдан зиёд ичимлик суви истеъмолчиси бўлиб, ўтган йил якуни билан уларнинг қарздорлиги 92 миллиард сўмни ташкил этди. Қарздорликни камайтириш бўйича “маҳаллабай”, “хонадонбай” олиб борилган ишлар натижасида қарздорлик 2024 йилга нисбатан 35 миллиард сўмга камайтирилди. 

Хусусан, ўтган йил мобайнида истеъмолчиларнинг 19 миллиард 425 миллион сўмлик қарздорлиги бўйича судларга 10 минг 367 та даъво аризаси киритилди. Судлар томонидан 7 миллиард 361 миллион сўм миқдордаги қарздорликни ундириш бўйича қарорлар қабул қилинди. Бундан ташқари, соҳа мутахассислари томонидан муддати ўтган қарздорликларни аниқлаш ва ундириш бўйича назорат тадбирлари олиб борилмоқда. 

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди. 

Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА