Андижонда ҳам тест синовлари бошланди
Андижон вилоятида ҳам олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари бошланди.
Андижон Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида тест синовлари бошланишига бағишлаб ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, мамлакатимизда ёшларнинг олий ўқув юртларига кириши, ўқиб пухта билим олишлари учун зарур барча шароитлар яратиб берилаётганлигини таъкидлаб, тест синовларида барча абитуриентларга омад тилади.
Жорий йилда Андижон вилоятидан олий ўқув юртлари бакалавриат таълим йўналишига кириш учун 66 минг 824 нафар абитуриент тест синовидан ўтади.
– Жорий йилда тест синовлари Андижон шаҳридаги тўртта бино – Андижон Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази иккита манежида, Андижон давлат чет тиллар институти спорт зали ҳамда “Ямбол” спорт комплексида бўлиб ўтади, – дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Андижон бўлими бош мутахассиси Рустамжон Азимов. – Тест синови билан боғлиқ барча жараёнлар белгиланган тартиблар асосида ташкил этилмоқда. Шунингдек, жисмоний имконияти чекланган абитуриентлар учун махсус аравачалар ташкил этилган.
[gallery-12989]
Тест синовлари икки сменада, яъни эрталаб 8.00 дан 11.00 гача ва иккинчи смена 15.00 дан 18. 00 гача ўтказилади. Ҳар сменада 2 минг 760 нафар, бир кунда 5 минг 520 нафар абитуриент тест синовидан ўтиши, умуман, тест синовлари вилоятда 1 – 13 август кунлари давомида ўтказилиши белгиланган.
Жараённинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш учун тест синови ўтказилаётган ҳудудлар камера кузатуви билан таъминланди. Бундан ташқари, ота-оналар, умуман, кенг жамоатчилик учун кутиш зали, тест синови жараёнини онлайн кузатиб бориш имкони яратилган.
Тиббиёт ходимлари абитуриентларнинг соғлигини назорат қилмоқда. Абитуриентларга сув, ручка берилиши ташкил қилинган.
Имтиҳонлар жараёнида хавфсизликни таъминлаш учун Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари жалб этилган.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА