Андижонда Халқлар дўстлиги куни нишонланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон шаҳридаги Эко паркда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан «Ўзбекистон – умумий уйимиз» шиори остида байрам тадбири ўтказилди.
Вилоятда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда турли миллат ва элат вакиллари иштирок этди. Унда мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий маданият ва анъаналарни тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Байрам дастурида миллий маданий марказлар ижодий жамоалари томонидан қўшиқ ва рақслар, халқ оғзаки ижоди намуналари, миллий урф-одатларни акс эттирувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шунингдек, миллий таомлар, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари ташкил қилиниб, тадбир иштирокчиларига миллий маданиятнинг бой ва ранг-баранг жиҳатлари намоён этилди.
[gallery-30630]
Тадбир доирасида турли миллат вакиллари ўз маданий мероси ва анъаналарини намойиш этиб, мамлакатимизда қарор топган тинчлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яна бир бор ифодалади.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА