Андижонда чиқиндилар қайта ишланмоқда
Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида амалга оширилган ишлар, соҳага оид қарорлар ижроси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этган анжуманда бошқарма бошлиғи А. Акбаров ҳамда мутахассислар томонидан шу йилнинг саккиз ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.
[gallery-13520]
Шундан сўнг бошқарма ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида Андижон туманидаги чиқиндиларни қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи “Техно-инноватор” масъулияти чекланган жамиятига пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур олдидан мутасаддилар томонидан вилоятда чиқиндиларни, йиғиш, қайта ишлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Жумладан, бугунги кунда Андижон вилоятида қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб, қайта ишлаш билан шуғулланувчи 10 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаётганлиги таъкидланди. Ана шу корхоналар томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 49 минг 612 тонна чиқинди сараланиб, иккиламчи хом-ашё сифатида қайта ишланган.
Умуман, вилоятида 2023 йилнинг биринчи ярмида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш режаси белгиланган 25 фоиз ўрнига амалда 28 фоизга бажарилди. Йил якунига қадар қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини мазкур йўналишда янги корхоналарни ишга тушириш, мавжуд корхоналар имкониятларини кенгайтириш ҳисобига 49,5 фоизга етказиши режалаштирилган.
Пресс-тур иштирокчилари “Техно-инноватор” масъулияти чекланган жамиятида чиқиндиларни йиғиш, қайта ишлаш, ҳосил бўлган хомашёдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.
– Корхонамиз 2008 йилда ўз фаолиятини бошлаган, – дейди “Техно-инноватор” МЧЖ менежери Шоҳрухбек Мирзаев. – Хитой давлатининг замонавий технологиялари асосида иш олиб борувчи корхонамизда пластик чиқиндилар қайта ишланиб, 200 дан ортиқ турдаги сифатли пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, Асака автомобиль заводи ҳамда “ЎзДонгЯнко” Ўзбекистон – Корея қўшма корхонасига автомобиллар учун бир неча турдаги пластмасса эҳтиёт қисмлар ҳам етказиб берилади.
Биргина ўтган йилнинг ўзида корхонамиз томонидан 380 тонна иккиламчи хом ашё қайта ишланиб, 324 тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилди. Эътиборлиси, бозорни ўрганиш, омилкорлик ва сифатга алоҳида эътибор берилаётганлиги боис, аҳоли эҳтиёжи учун зарур, харидоргир маҳсулотларимизнинг деярли ярми қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда.
Умуман, корхонада йилига 15 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилса, шундан 7 миллиард сўмлик маҳсулот экспорт қилинади.
Корхонада фаолият олиб бораётган 70 нафар кишининг самарали иш олиб бориши учун зарур барча шароит яратилган.
Шунингдек, корхонада янги-янги лойиҳаларни амалга оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ана шундай лойиҳаларнинг бири доирасида яқин кунларда корхонага яна 8 та янги махсус, замонавий дастгоҳ олиб келиб ўрнатилади. Бунинг ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажми 35 фоизга ортади, шу билан бирга, яна 20 та янги иш ўрни яратилади.
Пресс-тур давомида мутахассислар корхона фаолияти бўйича журналист ва блогерларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари