Андижонда болалар боғчалари етарлими?
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2017 – 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, янги мактабгача таълим муассасаларини барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий дастур ва технологияларни татбиқ этиш, болажонларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Агар фактларга мурожаат этадиган бўлсак, 2017-2021 йилларда вилоятда 3-7 ёшдаги болаларнинг мактабгача таълимга қамров даражаси 22 фоиздан 75,1 фоизга ортди. Бундан ташқари, тизимда фаолият олиб бораётган педагог ва мутахассислар сони ҳам ана шу давр мобайнида 5,5 минг нафардан 13,5 минг нафарга етди. Очиғи, Андижонда мазкур йўналишда сўнгги икки йил ичида бир неча ўн йиллар давомида қилинмаган ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда вилоятда жами 2 минг 773 та (546 та давлат, 15 та хусусий, 160 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, 2 минг 52 та оилавий) мактабгача таълим ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Уларда 200 минг нафарга яқин бола тарбияланади.
Қамров даражаси эса 75,1 фоизни ташкил этади. Масалан, 2017 йил 1 январда вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари сони 454 та бўлган бўлса, 2021 йилнинг 31 декабрь ҳолатига бу кўрсаткич 2 минг 773 тани ташкил этди, яъни уларнинг сони 2 минг 319 тага кўпайди. Бунинг ҳисобига қарийб 7,5 мингта янги иш ўрни яратилди. Ташкилотларни модернизация қилиш, замон талабларига мослаштириш мақсадида 306 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш реконструкция ишлари амалга оширилди. Бу ишларни амалга ошириш учун республика бюджетидан 587,8 миллиард сўм, маҳаллий бюджетдан 174,7 миллиард сўм маблағ сарфланди.
[gallery-7315]
– Кейинги йилларда боғча ёшидаги болаларнинг мактабгача таълим ташкилотларига қамров даражаси кескин ортди, шу билан бирга, боғчалардаги шарт-шароитлар тубдан яхшиланди, – дейди вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Азизбек Азимов. – Замонавий қиёфага эга ушбу ташкилотларда болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол вояга етишлари учун зарур барча шароитлар яратилди. Деярли барча муассасаларда мусиқа, спорт, гимнастика, тил ўрганиш ва бошқа турли тўгараклар ташкил этилган. Биргина ўтган йилнинг ўзида 6 та давлат, 13 та давлат-хусусий шерикчилик асосида йирик ва 1 минг 132 та оилавий боғча ташкил этилди, шунингдек, 264 та мажбурий бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Мисол учун, Балиқчи туманида 3 та боғчани реконструкция қилиш, 1 та хусусий ва 104 та оилавий боғча ташкил этилиши ҳисобига қамров бир йилда 25 фоиздан 89 фоизга, Бўстон туманида эса бу кўрсаткич 99,5 фоизга етказилди.
– Айни кунда Бўстон туманида 28 давлат, 5 та давлат шерикчилик асосидаги, шунингдек, 54 та уй боғча фаолият кўрсатмоқда, – дейди Бўстон тумани мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Шоирахон Нуридинова. – Умуман, Бўстон туманида болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш 99,5 фоизга етказилди.
Андижон вилоятида жорий йилда жами 24 та давлат мактабгача таълим ташкилотини, шунингдек, 14 та давлат хусусий-шерикчилик асосида, 306 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ҳамда 85 та мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳларини очиш ҳисобига боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 75,1 фоиздан 82 фоизга етказиш режалаштирилган. Бугунги кунда вилоятда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган ишлар изчил ва тизимли давом этмоқда.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА