Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда. Бунинг натижасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида америкалик инвесторлар ёки Америка компаниялари билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳар икки давлат учун фойдали бўлган ҳамкорлик кўламини кенгайтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида АҚШ сафарида бўлиб турган вилоят делегацияси америкалик ватандошларимиз, қатор компаниялар вакиллари билан учрашиб, янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришди.
[gallery-25200]
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг Америка Қўшма Штатларига хизмат сафарининг илк тадбири Америкада яшаётган юртдошларимиз, хусусан, андижонлик ватандошлар билан учрашув бўлди.
Учрашувда океанортида тадбиркорлик, илм-фан, таълим ва тиббиёт соҳаларида фаолият олиб бораётган ватандошлар иштирок этди. Мулоқотда мамлакатимиз, хусусан, Андижонда саноатни модернизация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, аграр соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, ахборот технологиялари, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Андижон вилоятининг тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини АҚШ бозорига йўналтириш хусусида фикрлашилди.
Америкалик ватандошлар томонидан юртимизга инвестиция жалб қилиш, стартапларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва илм-фан соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Учрашув Андижон вилояти ва АҚШдаги андижонликлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамда ижтимоий соҳаларда янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шундан сўнг Андижон вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация АҚШнинг йирик молиявий-хизмат кўрсатувчи компанияси – “Oppenheimer” бошқарув директори Жон Тонелли билан учрашув ўтказди.
Дунё мегаполисларидан бири Нью-Йорк шаҳрида жойлашган, молия, инвестиция ҳамда брокерлик соҳасида фаолият юритувчи компания вакиллари билан учрашувда ана шу йўналишларда Андижон вилоятида амалга ошириладиган йирик лойиҳалар билан таништирилди. Хусусан, қиймати 180 миллион долларлик текстил саноат зонаси, 20 миллион долларлик Хонобод шаҳридаги “Сунъий кўл дам олиш мажмуаси” ҳамда қиймати 1 миллиард долларлик “Бобур шаҳри” шаҳарсозлик лойиҳаларининг тақдимотлари ўтказилди.
Учрашув давомида томонлар иқтисодий кўрсаткичлар ва сармоявий имкониятлар бўйича фикр алмашди. Келишув натижасига кўра, “Oppenheimer” мазкур йирик лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этишга тайёр эканлигини билдирди.
Сафар доирасида вилоят делегацияси Нью-Йорк шаҳрида қатор учрашувлар ўтказди. Жумладан, делегация халқаро миқёсда катта нуфузга эга WRAP ташкилотининг дастурлар бўйича катта директори ҳамда АҚШ – Ўзбекистон Савдо палатаси ижрочи директори билан музокаралар олиб борди.
Ташкилот жаҳондаги энг йирик мустақил сертификатлаш ташкилотларидан бири бўлиб, ҳозирда дунёдаги 40 дан зиёд мамлакатда 3 мингдан ортиқ корхона ва фабрикалар WRAP сертификатига эга.
Андижон вилояти Ўзбекистонда тўқимачилик саноати бўйича етакчи ҳудудлардан бири ҳисобланади. Вилоятда йилига 1,2 миллиард доллардан ортиқ тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ва уларнинг 60 фоиздан кўпроғи Россия, Туркия, Хитой ва Европа мамлакатларига экспорт қилинади. Эндиликда тўқимачилик саноати маҳсулотларини Америка бозорига киритиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди.
Учрашув чоғида Андижон тўқимачилик маҳсулотларини Америка бозорига киритиш, дистрибюторлар тармоғи орқали кенгайтириш, маҳсулотлар сифатини жаҳон стандартлари даражасига етказиш ҳамда WRAP сертификати орқали халқаро ишончни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, америкалик инвесторлар ва нуфузли бренд компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
АҚШ – Ўзбекистон Савдо палатаси вакиллари билан музокараларда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Сафар давомида делегация вакиллари Нью-Жерси штатида жойлашган, асли андижонлик тадбиркор Сардор Ашуров томонидан ташкил этилган саноат корхонасида бўлди, корхона фаолияти билан яқиндан танишди.
Мазкур корхона “Alcopon” алюкомпозит панелларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Хомашёнинг муайян қисми Андижондан ярим тайёр ҳолда етказиб келиниб, корхонада қайта ишланади ва АҚШ ички бозорига тайёр маҳсулот сифатида тақдим этилади. Корхонада тайёрланаётган алюкомпозит панеллар замонавий меъморчилик ҳамда қурилиш соҳасида талаб юқори бўлган, енгил, мустаҳкам ва узоқ муддатли маҳсулот сифатида Америка бозорида ўз харидорларига эга.
Мулоқотда тадбиркор Андижонда замонавий қурилиш материаллари шоурумини ташкил этиш, маҳаллий бозорни юқори сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш нияти борлигини билдирди. Ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Қатор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Андижон вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация Пенсильвания штатидаги энг йирик шаҳар – Филадельфияда бўлиб, ушбу шаҳарда яшаётган, ишлаётган ватандошлар билан ҳам учрашув ўтказди. Учрашувда Андижон шаҳри, Балиқчи, Шаҳрихон, Марҳамат, Қўрғонтепа ва бошқа туманлардан борган юзлаб ҳамюртларимиз турли соҳаларда самарали фаолият юритаётганликларини айтиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юртимизда тадбиркорлар, инвесторлар учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди, АҚШлик ватандошлар иштирокида, ҳамкорликда Андижонда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикрлашилди.
Вилоят ҳокими бошчилигидаги Андижон вилоят делегациясининг АҚШ давлатига хизмат сафари давом этмоқда.
Ф.Убайдуллаев,
ЎзА мухбири