Андижон йўллари обод бўлмоқда
Жорий йилнинг 14 сентябрь – 6 октябрь кунлари мамлакатимизда футзал бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Хусусан, Андижон шаҳрида ҳам мазкур жаҳон чемпионатининг гуруҳ ўйинлари ўтказилиши кўзда тутилган.
Айни кунларда жаҳон миқёсидаги йирик тадбирга тайёргарлик доирасида Андижон шаҳрида йўл инфратузилмасини яхшилаш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Андижон шаҳрининг марказий қатнов йўллари таъмирланмоқда. Ҳаракатланиш томонларини ажратиб турувчи махсус майдончалар барпо этилиб, уларга ранг-баранг гуллар экилмоқда. Шунингдек, тунги ёритиш чироқлари, ёниб турувчи замонавий, светодиодли йўл белгилари ўрнатилмоқда.
[gallery-18178]
– Ишчи-мутахассисларимиз томонидан Андижон шаҳрининг Навоий шоҳкўчаси, Ўзбекистон ва Бухоро кўчаларида кенг кўламли таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди, – дейди Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сарварбек Митиллаев. – Мақсадимиз, йўлларимизни равон ва обод қилиш, транспорт воситалари, пиёдалар, айниқса, шаҳримиз меҳмонларининг эркин ҳамда хавфсиз ҳаракатланиши учун қулайликлар яратишдан иборат.
Бундан ташқари, йўлсозлар томонидан Андижон шаҳрининг 1-, 2-, 3-, 4- ва 5- кичик даҳаларидаги йўлларнинг ҳолати ўрганилиб, носоз қисмлари таъмирланмоқда, мавжуд ноқулайликлар тартибга келтирилмоқда.
Жараёнда Балиқчи, Асака тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ишчи-мутахассислари томонидан Андижон шаҳрининг 5- кичик даҳаси ҳудудидан ўтувчи Фурқат кўчасининг йўл ва йўлакчаларидаги турли ноқулайликлар бартараф этилмоқда.
Андижон шаҳрига олиб кирувчи давлат аҳамиятига эга автомобиль йўлининг бир километр қисмида Андижон тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси йўлсозлари бетон тўсиқларни демонтаж қилиш, йўлларни ажратувчи бордюрлар ўрнатиш, пардозлаш ишларини олиб бормоқда. Йўл ёқаларига турли хилдаги гуллар экилиб, ўзига хос ландшафт яратилмоқда.
Шунингдек, Андижон шаҳридаги қатор ички йўлларда транспорт воситалари, аҳоли ва пиёдаларга қулайликлар яратиш, қолаверса, бозорлар, ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли гавжум бўладиган масканларга элтувчи йўллар, йўлакчалар ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам ишлар қизғин олиб борилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари