Анъанавий қадриятлар – халқлар бирлигининг асоси
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Анъанавий қадриятлар – халқлар бирлигининг асоси” мавзусида Осиё форуми бўлиб ўтди.
Бугунги кунда мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятига фаол интеграциялашмоқда. Бинобарин, ижобий ўзгаришлар қатори анъанавий қадриятларга сиртдан раҳна солиш хавфи сақланиб қолаётгани ҳам сир эмас. Демак, юзага келаётган муаммолар, эҳтимолий янги тахдидларни аниқлаш орқали анъанавий қадриятларни сақлаш бўйича самарали чоралар белгилаш форумнинг асосий мақсади этиб белгиланиши бежиз эмас.
Бугунги глобаллашув даврида ёшларда соғлом эътиқодни шакллантириш, миллатлараро тотувлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, анъанавий оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга устувор аҳамият бериш лозим.
Мазкур тадбирда ҳам оилаларда ёшлар тарбияси ва маънавий муҳитни яхшилашга қаратилган халқаро тажриба ўртоқлашилди.
“Оила ва тинчлик” дастурининг анъанавий оилавий қадриятларни ҳимоя қилиш бўйича ташаббусларини амалга ошириш доирасида ўтказилган форум орқали оилани ҳимоя қилиш учун жаҳон ҳамжамиятини бирлаштириш кўзда тутилган.
“Православ аёллар уюшмаси” халқаро жамоат ташкилоти кўмагида Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, мамлакатимиздаги Рус маданият маркази, “Шарқ Аёли” халқаро жамоат фонди ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия давлатларидан вакиллар иштирок этди.
Гўзал Сатторова, Даврон Эрназаров (сурат),
ЎзА