Амударёлик ғаллакорлар илғорлар сафида
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари томонидан ҳар йилги шартномавий режалар ортиғи билан бажарилиб, йил давомида халқимизни сифатли ун ва ун маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти ошиб бормоқда.
Жорий йил ҳосили учун туманда 344 та фермер хўжалиги ҳамда қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан 6 минг гектар майдонга ғалла экилиб, текис униб чиққан буғдой майсалари агротехника қоидалари асосида парвариш қилинди. Фермер хўжаликлари томонидан буғдой далаларини куз-қиш мавсумида суғориш ва озиқлантириш ишларига эътибор берилиб, кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирлар уюшқоқлик билан тизимли равишда амалга оширилди.
Эрта баҳорда буғдой майсаларини суғориш ва озиқлантириш, суспензия сепиш, зараркунандаларга қарши курашиш ва бегона ўтлардан тозалаш тадбирлари давом эттирилди. Натижада ёзнинг ўрталарига келиб далаларда кўзни қувонтирадиган, мўл ҳосилдан дарак берувчи ғалла бошоқлари етилди.
Айниқса, кластерлар ташкил қилингани ҳамда ғаллани сотиш жараёнига бозор механизмлари жорий қилинаётгани фермерларнинг моддий манфаатдорлигини оширди. Ислоҳотлар натижасида бу йилги мавсумдан бошлаб янги тизим жорий қилиниши натижасида, туман бўйича давлат харидлари учун сотилиши режа қилинган товар доннинг 5 минг 944 тоннаси, яъни 78 фоизи кафолатли сотиб олинади. Қолган 3 минг 378 тонна буғдой дон корхонасида ижара асосида сақланиб, биржа савдолари орқали июль, август, сентябрь ойларида эркин нархларда сотилиши режалаштирилган. Ушбу ўзгаришлар фермерларни ердан кўпроқ даромад ва мўл ҳосил олишга ундаши билан аҳамиятлидир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, етиштирилган ҳосилни ўриб олиш мақсадида туманда жами 17 та ўрим отряди ташкил этилиб, уларга 18 та комбайн бириктирилди. Ўрим-йиғим мавсуми олдидан дон қабул қилиш масканлари тўлиқ таъмирланиб, жалб қилинадиган техникалар техник кўрикдан ўтказилди ва бу ишларда қатнашувчи ишчиларнинг малакалари оширилди.

Ўрим-йиғим мавсумининг уюшқоқлик билан ташкил қилингани натижасида етиштирилган донни йиғиб олиш ишлари қисқа фурсатларда якунланди. Фермерлар шартномадаги 10 минг 672 тонна ўрнига 10 минг 704,6 тонна дон топшириб, режани ортиғи билан бажарди ва Оролбўйида ғалла хирмонини кўтарди.
Шартномавий режадан ташқари етиштирилган ҳосилнинг фермер хўжаликлари тасарруфида қолиши қишлоқ аҳлининг турмуш фаровонлигини таъминланишда муҳим аҳамият касб этади.
Туманда ўрим-йиғим ишлари ҳали давом этмоқда. Амударёлик ғаллакорлар далаларда пишиб етилган бошоқли донни нес-нобут қилмай, сўнгги мисқолигача йиғиштириб олиш учун меҳнат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА