Ҳаммаси ўзимизда, ҳаммаси ўзимизники
Жиззах шаҳридаги “Euroasia karpet” корхонасида йилига 1 миллион 800 минг квадрат метр турли ўлчамдаги гилам, 2 минг тонна полипропилен ипи ишлаб чиқарилаётир.
Жиззах шаҳридаги “Euroasia karpet” корхонасида йилига 1 миллион 800 минг квадрат метр турли ўлчамдаги гилам, 2 минг тонна полипропилен ипи ишлаб чиқарилаётир.
2013 йилда 1 миллион 750 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди.
– Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талаб йилдан-йилга ортмоқда, – дейди вилоят иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи Т.Абдуназаров. – Илгари четдан келтирилган пайпоқ, чойшаб, сочиқ, турли кийим-кечак ва бошқа ўнлаб трикотаж буюмлари бугун вилоят корхоналарида ишлаб чиқарилмоқда. Маҳаллий хомашёдан тайёр ва ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2013 йилда енгил саноат йўналишида амалга оширилган 66 лойиҳа асосида 4 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Бугунги кунда вилоятда 273 енгил саноат корхонаси фаолият юритаётир.
Ишлаб чиқариш корхоналарининг чекка қишлоқларда ташкил этилаётгани айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Масалан, Янгиобод туманида ташкил этилган “Янгиобод чеварлари”, Мирзачўл туманидаги “Иқболхон-Маржона”, Фориш туманидаги “FОР-ТЕХ” корхоналарида юзлаб ёшлар иш билан таъминланди.
2014 йилда вилоятда саноат салоҳиятини янада ривожлантириш дастурига асосан 237 лойиҳани амалга ошириш, жумладан, 64 енгил саноат корхонасини ишга тушириш белгиланган. Айни пайтга қадар 31 шундай корхона фаолиятини бошлагани самарасида 550 га яқин янги иш ўрни яратилди.
Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш, кичик-бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалдаги ифодасидир.